Маоши ошган ОТМ ўқитувчилари, Тошкентда ёнган АЁҚШ, қадрсизланишдан тўхтамаётган сўм ва куннинг бошқа хабарлари

Жамият

image

1 июль куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида сиз билан Ўзбекистон, жаҳон ва бошқа соҳаларда юз берган куннинг энг муҳим воқеаларига тўхталиб ўтамиз.

Жамият

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви Тошкентдан кўчирилди

Ўзбекистонда нефть-газ соҳасида монопол ташкилот “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви Тошкентдан Қашқадарёга кўчирилди. Эндиликда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 35-уйда жойлашади.

ТИВ Қозоғистонга кетаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кетаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди. Ўзбекистоннинг Олма-отадаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, Қозоғистон синоптиклари бугун, 1 июлдан Қизилўрда ва Туркистон вилоятларида ҳаво ҳарорати 45-47 даражагача кўтарилишидан огоҳлантирган. Жазирама ҳаво Олма-ота, Жамбил, Костанай ва Қорағанда вилоятларида ҳам кутиляпти.

Бугундан ОТМ ўқитувчиларининг маоши ошади

1 июлдан эътиборан Ўзбекистон ҳудудидаги олий таълим муассалари ўқитувчиларининг ойлик-маоши оширилди. ОТМларининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари оширилган миқдорларда тўланади.

Сўм доллар ва еврога нисбатан қадрсизланишда давом этяпти

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йил 2 июлдан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматни белгилади. Сўм доллар ва еврога нисбатан қадрсизланишда давом этди.

Тошкент вилоятида АЁҚШ ёниб кетди (видео)

1 июль куни Тошкент вилоятидаги ёқилғи қуйиш шахобчасида ёнғин содир бўлди. Натижада бир киши жароҳатланди. Ёнғин соат 00:45 да Тошкент вилояти Тошкент тумани Тошкент халқа автомобиль йўлидаги “Обод капитал” МЧЖга қарашли "OK Oil" ёқилғи қуйиш шахобчасида чиққан. Ёнғинни ўчириш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 12 та экипажи етиб келган. Ёнғин соат 1:24 да жиловланиб, соат 1:46 да тўла бартараф қилинган.

Навоийда қудалар ўртасида мудҳиш қотиллик. Бир оиладан икки киши ўлдирилган

Навоий вилояти Кармана туманида қудалар ўртасида мудҳиш қотиллик содир этилди. Фуқаро синглисининг ўз жонига қасд қилишида қудасини айблаб, хонадон эгаси ва унинг икки қизини пичоқлади. Уй эгаси ва бир қиз ҳалок бўлди.

Ўзбекистонда 72 ёшли аёл ОТМга ҳужжат топширди

Бу йил ОТМга кириш учун 72 ёшли аёл ҳам ҳужжат топширган. Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Барно Ражабовнинг маълумот беришича, бу ҳол Фарғона давлат университетида юз берган.

Ўзбекистонда олти ой деганда илк бор инфляция кузатилмади

2019 йилнинг июнь ойида истеъмол бозорида умумий нархлар даражасининг пасайиши кузатилиб, ой давомидаги дефляция кўрсаткичи 0,5 фоизни ташкил қилди.

Умумий ҳисобда 2019 йилнинг январь-июнь ойлари давомида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархи 5,6 фоизга қимматлашган. 2018 йилнинг июнь ойига нисбатан республикаи истеъмол секторидаги ўртача нархлар 13,6 фоизга ошган.

Олам

Минскда Путин, Лукашенко ва Раҳмоннинг норасмий учрашуви Мирзиёев совға қилган шийпонда ўтказилди

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Минск шаҳрида норасмий учрашув ўтказишди. Ўзига хос учрашувга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев совға қилган шийпон мезбонлик қилди.

Қозоғистонда 3 та автомобиль иштирокида ЙТҲ. Ҳалок бўлган ва жабрланган ўзбекистонликлар бор

Ўзбекистон Республикасининг Актау шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра“Самара-Чимкент” трассасининг 896-км.да 3 автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Автомобилларнинг иккитасида 11 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Ҳодиса оқибатида ўзбекистонлик М.А. вафот этди.

Медведев партиясидаги такаббур ва сурбет сиёсатчилар ҳақида гапирди

Россия Федерацияси Бош вазири, мамлакатдаги етакчи “Ягона Россия” партияси раиси Дмитрий Медведев фуқароларнинг партияга бўлган ишончи билан боғлиқ муаммолар тўғрисида фикр билдирди. Медведевнинг сўзларига кўра, “Ягона Россия”да кўплаб профессионал сиёсатчилар фаолият олиб боради. Бироқ, ОАВда кўпинча такаббурлиги ва сурбетлигини намойиш қилишдан уялмайдиган партия аъзолари ҳақида маълумотлар тарқайди.

Эрдўған Россия С-400 ни қачон етказиб беришини маълум қилди

Россия 10 кун ичида Туркияга С-400 зенит-ракета мажмуасини етказиб беради. Бу ҳақда Туркия Президети Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. Эрдўған Японияда ўтган “катта йигирматалик” саммити доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашувдан кейин журналистлар саволига жавоб қайтараётганда  шундай баёнот берган.

Видео: 15 ёшли ўқувчи ўзбекистонлик эркакнинг қотилига айланди

Россиянинг Ленинград вилоятида юз берган жанжалда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Всеволожск тумани Лесколово қишлоғида жанжал оқибатида Ўзбекистон фуқароси Х.Р. ўлдирилган. Жиноят қидирув ходимлари томонидан 29-июн куни мазкур жиноятни содир этишда гумонланувчи россяилик 15-ёшли мактаб ўқувчиси қўлга олинган.

Спорт

Лондоннинг икки клуби “Барселона” футболчисига даъвогар

Бразилиялик ёш иқтидор эгаси Мальком жорий ёзда Каталонияни тарк этиши мумкин. Тез орада “Барселона” сафига келиб қўшилиши кутилаётган Неймар ва Гризманн жамоада тўп суриб бошласа, Малькомда заҳирадан майдонга тушиш имконияти ҳам бўлмаслиги мумкин. Шу сабабдан футболчи тезроқ бошқа клуб сафига ўтиб кетиш ниятида.

Ўзбек кураши жаҳонда янада оммалаштирилади

Ўзбекистон 2030 йили бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларини қабул қилиш учун жиддий бел боғлаган. Шунингдек, ўзбек миллий спорти ҳисобланмиш курашни ривожлантириш бўйича ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари дастурига киритилган кураш мухлис-у мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг