Самарқандда катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси савдосига чек қўйилди

Жамият

image

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари ходимлари билан Самарқандда ўтказган тадбирлари давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси савдосига чек қўйилди.

Дастлаб, Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро хонадонидан катта миқдорда гиёҳвандлик моддаси топилди.

Маълум бўлишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Ургут туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган Б.А.нинг хонадони ертўласидан сотиш мақсадида яшириб қўйилган 4 кг. 635 гр. “опий” моддаси топилди.

Аниқланишича, ушбу оғу Б.А.нинг укаси 1997 йилда туғилган Ҳ.Ш.нинг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи таниши “Ражаб” исмли шахс томонидан Тошкент вилояти Бекобод туманига контрабанда йўли билан ўтказилиб, тегишли жойга яшириб кетилган. Ўз навбатида Б.А. мазкур гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш манзилига олиб келган. Ушбу ишга алоқадор бўлган Б.А.нинг укаси Ҳ.Ш. ҳам ҳибсга олинди.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари ходимлари билан Самарқанд шаҳрида ўтказган бошқа бир тезкор тадбири давомида Тожикистон Республикаси фуқаролари У.И. ҳамда Д.Қ. 1 кг 855 гр “опий” гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб кириб, 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

Аниқланишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи 1985 йилда туғилган У.И. ва 1983 йилда туғилган Д.Қ. ушбу “опий” моддасини “ВАЗ-2110” русумли автомашинанинг ёқилғи бакига махсус жойлаштириб, яширинча олиб ўтишган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Гиёҳвандлик моддаси

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг