...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Сурияни мағлуб эта олмади


21:57, 06.09.2018 Спорт
 5 456

Ушбу ўйинни томоша қилиш учун “Миллий” стадионга 17800 нафар мухлис ташриф буюрди.

Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентдаги “Миллий” стадионда Сурия билан ўртоқлик ўйинини ўтказди.
 
Таъкидлаш жоиз, бу ўйин аргентиналик мутахассис Эктор Купернинг Ўзбекистон термасига келганидан сўнг мураббийликдаги дебют ўйини эди.
 
Учрашув кутилганидек Ўзбекистон МТЖ футболчиларининг ҳужумлари билан бошланди, аммо биринчи бўлимда яратилган вазиятлар голга айланмади. Мухлислар терма жамоада мураббий алмашгач ҳам, ҳануз МТЖ футболчиларида ўзгариш кузатилмаганини таъкидладилар.
 
Чунки биринчи 45 дақиқаликда камида 2 та голга тортадиган вазият бўлган эди, лекин баъзида рақиб дарвозабонининг маҳорати, баъзан эса футболчиларимизнинг маҳоратсизлиги сабаб биринчи бўлимда ҳисоб очилмасдан қолди.
 
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров ўзининг 100-юбилей ўйинида майдонга тушди. Унга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг махсус совғаси топширилди.
 
Иккинчи бўлим: 62-дақиқада Марат Бикмаев юзага келган пенальтини голга айлантириб, ўйинда ҳисобни очишга эришган эди, бироқ ўзбекистонлик футболчиларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. 78-дақиқада Омар ал-Сома Нестеров қўриқлаётган дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди. Ўйин дуранг ҳисоб билан якунига етди.
 
Шу тариқа, “Миллий” стадионга Эктор Купер қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоасининг ғалабасини кўргани келган 17800 нафар мухлис чиройли ва курашга бой ўйинни томоша қилиш билан чекландилар холос.
 
Ўзбекистон - Сурия 1:1
Гол: Марат Бикмаев (64 пенальти) – Омар ал-Сома (78).
 
Ўзбекистон: 1.Игнатий Нестеров, 2.Акмал Шораҳмедов, 31.Егор Кримец, 5.Анзур Исмоилов, 13.Олег Зотеев, 8.Жавлон Иброҳимов (18.Сардор Собирхўжаев, 46), 16.Отабек Шукуров, 27.Сардор Рашидов (14.Элдор Шомуродов, 76), 10.Марат Бикмаев (11.Темурхўжа Абдухолиқов, 68), 6.Ҳусниддин Ғофуров (26.Санъат Шихов, 68), 28.Иван Нагаев (15.Сардор Мирзаев, 55)
Захира: 12.Элдор Суюнов, 30.Санжар Қувватов, 24.Мурод Холмуҳаммедов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 4.Фаррух Сайфиев, 9.Одил Аҳмедов, 21.Игорь Сергеев,
 
Сурия: 1.Иброҳим Алма, 3.Нодим Сабоғ, 15.Абдул Малик Аланизан, 4.Жиҳод Ал Баоур, 5.Омро Ал Мидани, 8.Маҳмуд Ал Мавас, 9.Омар Ал Сома, 11.Осама Омари (7.Аиас Осман, 83), 14.Тамир Хож Муҳаммад, 10.Муҳаммад Усмон, 21.Фаҳад Юсуф
 
Захира: 22.Шаҳер Ал Шокир, 23.Аҳмад Маданияҳ, 2.Эсра Ал Ҳамвиаҳ, 6.Омро Жениат, 12.Ҳуссайин Ал Жвайед, 13.Аҳмад Ашкар, 16.Ҳамид Мидо, 17.Юсуф Калфа, 18.Габриэль Соми, 19.Мардик Мардикян, 20.Тхаер Крума.
 
Огоҳлантиришлар: Тамир Хож Муҳаммад 30.
Акмалхон Эшонхонов
Суратлар "Сhampionat.asia" сайтидан олинди

 

Теглар:Ўзбекистон МТЖ Сурия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!