Сенат раиси ногиронларнинг сарсон қилиниши ва ҳужжатбозликни танқид қилди

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев мжлисдаги чиқишида Сенатга фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатларни эътиборга олиб, яна бир муаммо – ногиронликни белгилаш борасидаги камчиликлар сабаблари дастлабки тарзда ўрганиб чиқилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар берди.

Қайд этилганидек, мамлакатда ногиронлиги бўлган 608 мингдан зиёд шахслар истиқомат қилади.

Уларга зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий- ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилган, Давлат бюджетидан салмоқли маблағлар йўналтирилмоқда.

“Бироқ, ногиронлиги бор шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уни белгилашда қатор қийинчиликлар ва сунъий тўсиқлар юзага келмоқда”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

“Хусусан, норматив - ҳуқуқий ҳужжатлардаги тафовутлар ҳамда ташкилий ишлардаги хатоликлар туфайли ногироннинг анатомик ва физиологик нуқсонлари аниқ кўриниб турганига қарамасдан, улар қатор тиббий кўриклардан қайта-қайта ўтмоқда, мутахассисларнинг эшиги олдида асоссиз равишда “мурувват” кутмоқда.

Бундан ташқари, тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатлар ногиронлардан асоссиз талаб этилмоқда. Меҳнат дафтарчасидан кўчирма, фуқаролар йиғинидан маълумотнома, никоҳ гувоҳномаси, ишдан бўшаганлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Шу ўринда савол туғилади: табиатан шундоқ ҳам кўнгли ярим инсонларни сарсон қилиш кимга ва нима учун керак?

Йиллар давомида амалда бўлган талаб ва меъёрларни замонга мос тарзда такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар нега шу пайтгача кўрилмаяпти?

Бюджет маблағларини мақсадли сарфлашни иддао қилаётган мутасаддиларнинг талаблари фақат ногиронларга қаратилганми?

Бу борада Ҳукумат чуқур таҳлиллар ўтказиб, муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўришига умид қиламиз”, деди Ниғматилла Йўлдошев.


Мақола муаллифи

Теглар

Ниғматилла Йўлдошев ялпи мажлис ногиронлик

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг