Депутат: “Айрим ОАВлар наманганлик депутат воқеасида нохолислик қилди”

Жамият

image

Шу кунларда ИИВнинг “босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳаси жиддий муҳокамага сабаб бўлмоқда. Унда халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Толиб Муҳаммадиев ва Наманган шаҳрига кираверишдаги “Қизилкўприк” постида фаолият олиб бораётган ички ишлар ходимларининг жанжали акс этган.

Воқеа юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбарчин Абдуллаева ўз фикрларини билдирди. Унга кўра, айрим ОАВ ўша воқеа баёнида ИИВ томонидан айбдор сифатида илгари сурилаётган фуқарога, депутатга нисбатан нохолислик қилган.

Абдуллаеванинг сўзларига кўра, бутун инсоният бошига тушган синовли кунларда хотиржамликни сақлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳозир хизмат вазифаси юзасидан ишлаётганларга ҳам, карантин қоидаларига бўйсуниб уйда ўтирганларга ҳам осон эмас.

Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам вазмин бўлиш, қонунларга риоя этиш, қайси соҳада ишлашдан қатъи назар, аввало, ҳамма бир-бирини инсон сифатида ҳурмат қилиши зарур. Интернет, коммуникация технологиялари ривожлангани сари ахборот бериш имкониятлари ҳам ошиб боряпти. Ҳозир кўпчиликда, деярли барча ташкилотларда жамоатчиликка мустақил ахборот тарқатиш имкони бор. Фақат имкониятдан тўғри, қонунга бўйсунган тарзда, холисликни сақлаган ҳолда, фойдаланиш талаб этилади.

Наманган шаҳар Кенгаши депутати билан боғлиқ мунозарали воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, бу бўйича турли фикрлар билдириляпти. Аввало, айтиш керакки, бу каби тортишувли ҳолатлар мамлакатда демократик жараёнлар табиий ривожланиш босқичига чиқаётганини кўрсатмоқда. 5-6 йил аввал шундай ҳолатлар юзага келганда, ҳақиқат юзага чиқиши жуда қийин бўларди. Аммо ҳозир вазият умуман бошқача, қонун устуворлиги таъминланишини истовчи ва қатъий ҳаракат қилувчи бир нечта институтлар бор. Ҳозир ҳар қандай ахборот шу институтлар, кенг жамоатчилик томонидан қаттиқ чиғириқдан, чуқур таҳлилдан ўтказиляпти. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ким холис, ким нохолис тез орада юзага чиқмоқда.

“Айрим ОАВ воситалари ўша воқеа баёнида ИИВ томонидан айбдор сифатида илгари сурилаётган фуқарога, депутатга нисбатан нохолислик қилди, деб ўйлайман. ОАВ мунозарали ҳолатда бир пайтнинг ўзида иккинчи томоннинг фикрини бериши, бунинг имкони бўлмаса, унинг шаънини ҳурмат қилган ҳолда, ахборот тарқатиши керак. Аксарият ОАВ бунга риоя қилаётганини ҳам айтишим зарур. Нохолис, шунчаки шов-шувни яхши кўрадиган ОАВ эса кузатувчилари, яъни жамоатчилик ишончини йўқотиб қўйиши мумкинлигини ҳам унутмаслиги лозим. Жамоатчилик қувватламаган ОАВ эса кучини йўқотиб бораверади”, деди Ойбарчин Абдуллаева.

Абуллаевага кўра, карантин қоидаларига амал қилмаганлар жавобгарликка тортилиши керак. Аммо ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни жавобгар қилишда унинг вазифасига қайта-қайта урғу бериш ҳам инсоний жиҳатдан, ҳам қонун жиҳатдан нотўғридир. Ҳеч ким суд қарори чиқмасидан, бир инсоннинг шаъни, қадр-қимматига дахл қилиб, уни айбдор сифатида бутун жамоатчиликка кўрсатишга ҳақли эмас. Ким айбдор бўлса, унга қонунга мувофиқ чора кўрилсин.

Шу билан бирга, у баъзи масалаларни эслатиб ўтади:

“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилиниши белгиланган. Депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўлади. Депутатни ҳақорат қилиш, шунингдек, унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Наманган шаҳар Кенгашининг мунозарали ҳолат бўйича чиқарган қароридан кейин масаланинг бу томонини ҳам эсдан чиқармаслик керак. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, Халқ депутатлари Кенгашлари тегишли прокурорлар, Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва улар юзасидан қарор қабул қилиш ваколатига эга. Аминмизки, бу тартиб-қоидалардан кўпчилик хабардор.

Депутатларни ёппасига ёмон отлиқ қилишни истовчилар вакиллик ҳокимиятининг давлат ҳокимияти тизимида мавқеи қандайлиги ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлиши зарур. Ички ишлар тизимида минг-минглаб фидойи, жасур, қўрқмас ака-укаларимиз ишлайди. Синовли кунлардаги фаолияти учун уларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Наманган шаҳрида рўй берган мунозарали ҳолатда қатнашган, гувоҳ бўлган ички ишлар ходимлари ҳам мард, ҳақгўй, юксак инсоний фазилатларга эга ака-укаларимиздан, деб ишонаман. Улар ўзларини кўрсатиб, ўша кунги воқеа тафсилотларини тўлиқ очишга куч топади, ИИВ бунга шароит яратади, деб умид қиламан.

Токи, ҳақиқат юзага чиқиб, айбдор(лар) жазосини олсин, қолганлар хулоса қилсин”, дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Эслатиб ўтамиз, Мазкур видео юзасидан QALAMPIR.UZ ИИВ Ахборот хизматига бир қанча саволлар билан мурожаат қилган эди. Ҳозирча саволларга жавоб қайтарилмади. 


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ депутат ОАВ Ойбарчин Абдуллаева

Баҳолаганлар

241

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг