... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон аҳолиси ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишидан ҳуқуқий ҳимояланганми?


13:12, 11.01.2017 Жамият
 988

Ижтимоий тадқиқотда барча ижтимоий гуруҳлар, турли миллат ва дин вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон фуқаролари Президент Шавкат Мирзиёевнинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга тоқат қилмаслик, қонунбузилишларининг олдини олишга қаратилган ишларни давом эттиришга оид ташаббусларини муҳим, деб ҳисоблайди ва тўла қўллаб-қувватламоқда. Бу “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – 2016” сўровини ўтказиш жараёнида маълум бўлди.

Ижтимоий тадқиқотда барча ижтимоий гуруҳлар, турли миллат ва дин вакиллари иштирок этди.
 
Сўровни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши аҳоли томонидан қандай баҳоланаётганини аниқлашдан иборат бўлди. 

Сўров натижаларига кўра, аҳолининг 97,5 фоизи мамлакатдаги бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “яхши ва барқарор”, дея баҳолаган. Фуқаролар бундай ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли аҳолининг турмуш шароитлари ва сифати яхшиланиб, келажакка ишончи ортиб бораётгани самараси, деб билади.
 
Жамоатчилик фикри давлат ва жамият ҳаётининг изчил ривожланаётганидан аҳоли мамнун эканини кўрсатди. Сўровда фуқаролар, хусусан, иқтисодиёт, иқтисодий фаолият эркинлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулкни муҳофаза қилиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби асосий йўналишларнинг бугунги ҳолатини ижобий баҳолаган. Аҳоли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2016 йил 24 сентябрда ташкил этилган виртуал қабулхонаси инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлашда самара бераётгани алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган йилнинг 23 декабридан Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига айлантирилган мазкур портал давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлатнинг халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши учун кенг имконият яратмоқда. Фуқаролар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқ қабулхоналарини ташкил этишга доир ташаббусини кенг қўллаб-қувватламоқда.
 
 
Жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 93,8 фоизи аҳоли ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши мумкинлигидан ҳуқуқий ҳимояланган, деб ҳисоблайди. Фуқароларнинг 71,8 фоизи агарда қонуний ҳуқуқлари бузиладиган бўлса, уларнинг тикланишига ишонади. 

Фуқароларнинг юқори даражадаги ижтимоий кайфияти ўз оиласидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатдан, мавжуд шароитлар, ҳуқуқий ҳимояланганидан мамнун экани, шунингдек, оиласи ва мамлакатимиз келажагига ишонишидан далолат беради. 

Сўров натижалари аҳолининг Президент  Шавкат Мирзиёев томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган 2017 йил мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маърифий соҳаларида юксак натижаларга эришиладиган, тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик янада мустаҳкамланадиган йил бўлишига қатъий ишончини ифода этди.
 

Теглар:Ижтимоий фикр 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар