... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон аҳолиси рақамли телевидение билан тўлиқ таъминланади


19:42, 14.04.2017 Технология
 4 444

Конференцияда теледастурлар ва радиоэшиттиришларни эфирга узатишда қўлланилаётган янги технологик имкониятлар хусусида сўз борди.

Тошкентда "ABU – 2017 Tashkent forum" форуми доирасида журналистлар учун медиа конференция ўтказилди. Осиё-Тинч океани эфирга узатиш уюшмаси (ABU) ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда хорижий ва маҳаллий журналистлар, мутахассис ва экспертлар иштирок этди, дейилади ЎзА хабарида.

Конференцияда теледастурлар ва радиоэшиттиришларни эфирга узатишда қўлланилаётган янги технологик имкониятлар хусусида сўз борди. 

Ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида телевидение сифат жиҳатдан жиддий юксалишга эришди. Тасвир ва товуш тиниқлаштирилган замонавий телевизорлар пайдо бўлди ҳамда телесигналларни узатиш усуллари такомиллаштирилди. 

Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидениега ўтган ва мамлакатда рақамли телевидениени жорий этиш 2007 йилдан бошланган. Тошкент ва Бухорода рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги кўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди. 2011 йилда янги форматдаги трансляцияга босқичма-босқич ўтишга доир аниқ мақсадли ишлар амалга оширилди. Натижада МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб юксак даражада тиниқ кўрсатадиган телевидение – HDTV ишга туширилди. Дунёда телевидениени ривожлантиришнинг янги йўналиши ҳисобланган HDTV тасвир ва товуши тиниқ теледастур ва фильмларни томоша қилиш имконини беради. 

Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил 17 апрелдаги Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастурига мувофиқ, рақамли телевидениени жорий этиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, рақамли телевидениега икки босқичда, яъни 2012-2015 ва 2016-2017 йилларда ўтиш кўзда тутилган эди. 

Жорий йилда Президент Шавкат Мирзиёев фармони асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига биноан мамлакат ҳудудларида 66 юқори қувватли ва 328 кам қувватли рақамли телевидение узаткичи ўрнатилади ва ишга туширилади. Натижада Ўзбекистон аҳолисини, шу жумладан, тоғли ва олис ҳудудлардаги аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. 

Конференцияда юқори технологияли ускуналар ва махсус телерадиотехникадан самарали фойдаланиш, уларни қўллаган ҳолда медиатехнологиялар асосида кенг турдаги сифатли телерадиомаҳсулотларни яратиш, онлайн-контент ва хавфсизлик, медиа соҳасидаги янгиланишлар, шунингдек, телевизион муҳандис-техник ҳамда ижодий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш масалалари муҳокама этилди. 
Бобур Жалолов

Теглар:рақамли телевидение 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!