Неъматов ўқишни кўчиришда талабалар дуч келаётган асосий муаммоларга тўхталди

Жамият

image
Ўзбек талабаларининг оммавий қайтарилишига расмий Нур-Султон баёнот берди north_east

Ўзбек талабаларининг оммавий қайтарилишига расмий Нур-Султон баёнот берди

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни давлатлар (Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон)даги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўқишини республикамиз олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича ариза топширишга рухсат этилган эди. Бироқ, айни вақтда қўшни мамлакатлар, хусусан Қирғизистон ва Қозоғистондан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш билан боғлиқ бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда. Булардан энг асосийси, 2019-2020 ўқув йили учун тўланган шартнома пули билан боғлиқ. Яъни қўшни давлатларда ўқиётган талабалар шартнома пулини тўлиқ тўлагани боис, ўқишнинг қолган қисмини Ўзбекистонда давом эттираётгани учун уларга шартнома пулининг қолган қисми қайтарилмайди. Талабалар Ўзбекистонга қайтгач, яна қолган давр учун шартнома пулини тўлаши керак. Қолаверса, ўқишини Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган талабалар ва қўшни мамлакатлар ўртасида ҳужжатларни расмийлаштириш борасида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Мазкур масала юзасидан бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовга юзланилди. 

“Айтишим мумкинки, қўшни давлатларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчирилишида мутлақо сиёсий маъно ёки сиёсий омил йўқ. Анча йиллардан буён фарзандлари чет элда таҳсил олаётган ота-оналардан ўз фарзандининг ўқишини Ўзбекистондаги олийгоҳларга кўчиришга имкон бериш ҳақидаги талабларни эшитиб келамиз. Ўзбекистон ОТМларида квоталар оз бўлиб, авваллари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан чет элдаги талабаларга ўқишни бир марта – ёзда кўчиришга рухсат бериларди. Бу йил ота-оналарнинг талабларидан келиб чиқиб, қишда ҳам ўқишни кўчиришга розилик берилди”, дейди Илҳом Неъматов. 

 

Дипломатнинг айтишича, ушбу жараён бошлангандан бери, Ўзбекистоннинг Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ушбу масала устида тинимсиз музокаралар олиб боришмоқда.

“Бу жуда оғир масала. Масалан, биргина Чимкентнинг ўзида бизнинг 7 минг, 10 мингдан ортиқ фуқароларимиз ўқийди. Қозоғистонда жуда кўп. Қирғизистон ва  Тожикистонда ҳам худди шундай. Элчиларимиз билан ҳар куни гаплашаман. Улар олийгоҳлар ректорлари ва Олий таълим вазирлари билан мунтазам музокаралар олиб боришяпти. 

Ўқишни кўчириш 15 февралгача этиб белгиланган эди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг қарори билан 15 мартгача кўчирилди”, деб қўшимча қилади вазирнинг биринчи ўринбосари. 

 

Таъкидланишича, тез вақтда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазири Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ОТМлари раҳбарлари билан учрашиб, мулоқот қилиши кутилмоқда.

"Бу ерда турли муаммолар бор. Қирғизистон ва Қозоғистонда қонунан биринчи семестрни ёки биринчи курсни тамомламасдан туриб, ўқишни кўчириш мумкин эмас. Ёки охирги курсда ҳам кўчириш мумкинмас. Яна шунлай ҳолатлар борки, талабалар ўқиш бошланганда шартнома пулини бир йилга тўлаб қўяди. У ярим йилдан кейин ўқишини кўчирса, пулини қайтариб бермайди-ку. Шу муаммолар устида ҳозирги кунда музокаралар олиб борилмоқда, ўйлайманки, мана шу музокаралар натижасида муаммоларнинг ҳаммаси ҳал бўлади", дейди Неъматов. 

 

Маълумот ўрнида, республиканинг барча ҳудудларида биттадан олий таълим муассасасида Ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилган.

Талабгорлар 2020 йил 15 мартга қадар доимий яшаш ҳудудида ташкил этилган ишчи гуруҳга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

•    ариза (жойида тўлдирилади);
•    рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси;
•    паспорт нусхаси.

Хорижий олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўқишни кўчиришда ҳеч қандай имтиҳон бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Неъматов ўқишни кўчириш

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг