ЕОИИ ёки ЖСТ: Ўзбекистон қай бирига аъзо бўлади?
Жамият
−
14 Февраль 2020
8919Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўладими ёки Жаҳон савдо ташкилотига. Айни кунларда бу масала жуда долзарб бўлиб турибди. Мазкур савол бугун, 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов билан ўтган матбуот анжуманида ўртага ташланди. Вазир ўринбосари сўз оларкан, Ўзбекистоннинг юздан ортиқ ташкилотларга аъзолиги, аммо улар фаолияти ва йўналиши нуқтайи назаридан бир-биридан фарқ қилишини айтди.
"Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бери 120 тадан ортиқ халқаро ташкилотга аъзо. Албатта, ҳар бир ташкилотда Ўзбекистоннинг ўзини манфаати бор ва унга киришдан олдин биз унинг ижобий ва салбий томонларини яхшилаб ўрганганмиз. Ўргангандан кейин, ўзимизни манфаатимизни кўзлаган ҳолда ўша ташкилотга кирганмиз. Қандай таклиф бўлмасин, албатта, у таклиф чуқур ўйлаб чиқилгандан кейин, тарозига қўйилгандан кейингина қарор қабул қилинади", дейди дипломат.
Неъматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва ЖСТ сингари ташкилотларга аъзо бўлиши масаласи устида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари бошчилигидаги катта гуруҳ ишламоқда.
“ЕОИИ ёки ЖСТга киришда иккисини бир-бирига солиштиришнинг ҳожати йўқ. Чунки, иккисига ҳам кириш бўйича ҳозирги кунда музокаралар, ўрганиш кетмоқда. ЖСТ билан катта гуруҳ ишлаяпти. Бу масала билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари шуғулланмоқда. Биз музокараларни 1994 йилда бошлаганмиз. Астойдил музокаралар эса энди бошланди. Биринчи галда Ўзбекистон манфаатларини ҳамма томонлама ҳимоя қилиб, келишганимиздан кейингина аъзо бўламиз. ЕОИИга аъзоликда ҳам худди шундай”, дейди Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Парламентга йўллаган мурожаатида ушбу масалага ҳам тўхталиб, қуйидагича фикр билдирган эди:
“Импорт ва экспортимиз Қозоғистон ва Россиянинг транзит йўллари орқали ўтади. Қолаверса, аҳолимизнинг кўп қисми Россия ва Қозоғистонда ишламоқда. Шуларни инобатга олиб, ЕОИИга аъзолик масаласини кўриб чиқяпмиз”.
Президентнинг қайд этишича, ЕОИИга аъзолик масаласида халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш иродасига таянилади. Шунинг учун депутат ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича муҳокама қилиб, ҳар бир масала бўйича масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда асосланган хулосаларни айтиши керак.
“Депутатлар нима деса, шу бўлади. Қўлга қалам олиб ҳисоб-китоб қилинглар. Мен айтган масалаларни ҳам албатта, инобатга олиш шарт”, деган эди Давлат раҳбари.
Маълумот ўрнида, ЕОИИ - 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатувчи халқаро интеграция иқтисодий бирлашма ҳисобланади. Иттифоқ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради.