ССВ Зангиота шифохонасида майитни олишда юзага келган турнақатор навбат бўйича изоҳ берди
Жамият
−
19 Октябрь 2020
14929Аввалроқ, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этганларнинг жасади берилишини қариндошлари муассаса эшиги олдида узоқ вақт кутиб қолаётгани тўғрисида видео тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат бўйича Республика патологик анатомия маркази директори, ССВ бош патологоанатоми, профессор Ражаббой Исроилов изоҳ берди.
Профессорнинг сўзларига кўра, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилди. Эндиликда, ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг майитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетишлари мумкин. Бундан аввал майит Республика патологик анатомия марказига олиб бориларди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги “Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар”га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарарсизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра, ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб) қаришдошларига топширилади. Табиийки, бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3-4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда”, дейди Ражаббой Исроилов.
Республика патологик анатомия маркази директори Ўзбекистонда кунлик коронавирус қурбонлари сони у қадар кўп бўлмагани ҳолда шифохона олдида кўплаб одамлар тўпланганига ҳам изоҳ бериб ўтган.
“Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамларнинг кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларни ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас”, дея ҳолатни тушунтирган профессор Исроилов.
Қайд этилишича, Зангиота туманидаги юқумлик асалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда. Коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат “COVID-19” диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди.
Шунингдек, ушбу шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиб, кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш ва тунги вақтларда майитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилмоқда.
Мутахассис Зангиота шифохонаси атрофида тобут ташийдиган машиналар нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб юборгани ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдириб ўтган.
“Жасадларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази зиммасида эмас. Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида дафн этиш маросимини ташкил қилувчи хусусий ташкилотлар жасадни ташиб беришни таклиф қилишмоқда. Уларнинг ўз хизматлари учун белгилаган нархларини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази ваколатига кирмайди”, дейди Ражаббой Исраилов.
LiveБарчаси