Ортиқхўжаев энди йўқ. Талабаларнинг бошини ким силайди?

Жамият

Ортиқхўжаевга тегишли “Tashkent index” савдо мажмуасидан жорий йилда талабалар турар жойи сифатида фойдаланилмайди. Бу ҳақда бугун, 23 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

2022 йил Тошкент шаҳрида талабалар турар жойлари билан боғлиқ юзага келган муаммолар фонида собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъулиятни ўз зиммасига олиб, ўзига қарашли бўлган “Tashkent index” савдо мажмуасини талабалар учун ётоқхонага айлантирган эди. Улар учун, ҳатто махсус автобуслар йўлга қўйилиб, транспорт билан боғлиқ муаммоларига ҳам ечим топилганди.

Аммо Ортиқхўжаев ортиқ Тошкент ҳокими эмас. Шундай экан унинг ҳеч қандай мажбурияти ҳам йўқ.

“Аслини олганда ўтган йили “Tashkent index”га у даражада кўп талаба яшамаган. Кейинчалик эса ҳаммаси чиқариб олиниб, ижара уйлари ва талабалар турар жойларига жойлаштирилган эди. Бунда барча олий таълим муассасалари ўз ётоқхоналаридаги кроватларни икки қаватлига айлантириб, бир ой ичида ўз талабаларини чақириб олганди”, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шерзод Неъматов.

Унинг айтишича, айни пайтда барча олий таълим муассасалари ўз талабалари учун етарлича ижара уйларини топиб қўйган.

“Ўтган йили масъулиятни ҳоким ўз зиммасига олган бўлса, бу йил вазиримизнинг шахсан ўзи буни назорат қилмоқда. Ҳозирда олий таълим муассасалари талабаларига етарли миқдордаги ижара уйларини топиб қўйган. Бундан ташқари бир сатҳли ТТЖлар икки сатҳли қилиб қайта жиҳозланди, янги қурилишлар бўлди. Албатта, ҳеч ким 100% талабаларни қамраб ололамиз деб ваъда беролмайди, лекин жуда катта харажатлар қилинган”, деди Олий таълим,  фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Неъматов.

Шунингдек, у “Демак бу йил “Tashkent index”дан ётоқхона сифатида фойдаланилмайдими?” деган саволига “йўқ” дея жавоб берган. Аммо “Tashkent index”дан воз кечилган экан, унинг ўрнини қоплайдиган даражада ётоқхоналар қурилдими? Бу йил талабалар кўчада қолмайдими?

“2022 йилда қарийб 20 мингга яқин янги талабалар ўрни барпо қилинди. 2023 йилнинг 15 август ойига қадар 4700 дан ортиқ янги ТТЖлар ташкил қилиниб, фойдаланишга топширилди. Сентябрь ойи охирига қадар эса яна 7000 ўриндан ортиқ ТТЖлар фойдаланишга топширилади. Дастурга мувофий йил охирига қадар жами 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилади”, деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Салоҳиддин Санақулов.

Аммо бу қурилган ётоқхоналар барча эҳтиёжманд талабаларга етмайди. Муаммони ҳал қилишнинг эса бошқа усули ўйлаб топилган.

“Ижара асосида яшовчи талабаларга жуда катта имтиёзлар берилди. Ўтган йиллари ижара тўловининг бир қисмини давлат ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий қилинган эди. Аммо бу тартиб жорий қилингандан кейин бир қанча муаммолар юзага келди. Эндиликда ҳукумат қарори билан талабалар Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм) миқдоридаги ижара тўловининг бир қисмини ижара шартномасининг маблағидан қатъий назар оладиган бўлди. 
Иккинчидан, хусусий хонадон эгалари томонидан ижара шартномаларини тузиш чўзилиб кетгани боис бунинг олдини олиш мақсадида сентябрь-октабрь ойларида ижара шартномасиз ҳам бу маблағлар берилади”, дея қўшимча қилди Санақулов.

Масъуллар айтаётган бу чоралар қай даражада иш беради, буни фақат янги ўқув йили бошланганидагина била оламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Олий таълим Tashkent index

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг