Ортиқхўжаев билан бир йил! Халқ ундан розими?

Таҳлил

image

Кеча, 26 апрель куни Жаҳонгир Ориқхўжаевнинг Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият олиб бораётганига бир йил тўлди. QALAMPIR.UZ тошкентликлар ҳокимнинг бир йиллик фаолиятини қандай баҳолашини билиш мақсадида ижтимоий тармоқларда сўровнома ўтказди.

Сўровнома саволи ва жавоб вариантлари қуйидагича эди: 

Хўш, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 1 йиллик фаолиятини қандай баҳолайсиз?

-    Яхши
-    Ёмон
-    Навбатдаги бюрократ
-    Яшасин, Ортиқхўжаев

Бир кун давомида, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ортиқхўжаевнинг ишига муносабат билдиришди. Ортиқхўжаевга нисбатан танқидлар жуда кўп кўзга ташланади. Ким уни бюрократ дейди, ким монополист. Бироқ, биз ўтказган сўровнома натижалари у қадар ёмон эмас. Балки бирозгина яхши дейиш ҳам мумкин.

Сўровнома респондентларининг изоҳи ва берган овозига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимлигининг бир йиллигини сарҳисоб қилиб кўрсак.

Ортиқхўжаев бир йил давомида Тошкент шаҳрида кўпгина ижобий ўзгаришларни амалга оширди. Энг аввало шуни айтиш керакки, ҳокимлик мурожаатларнинг ҳаммасини бўлмасада, кўп қисмини эътиборсиз қолдирмаяпти. Биринчилардан бўлиб, QALAMPIR.UZ кўтарган Чилонзор туманидаги абгор ётоқхона ва ундаги етим-есирлар масаласига тўхталсак.

Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 38-уйдаги ётоқхона биносида 80 нафардан ортиқ етим-есир ва қариялар яшаётгани, уларга уй берамиз деб, уч йилдан буён алдаб келинаётгани, бино ҳароба ҳолга келгани айтилганда, Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарҳол бунга муносабат билдирди. Ҳоким шахсан ётоқхонага бориб, у ердагиларга алоҳида квартира ажратилишини ваъда қилди. Ўтган давр мобайнида ваъда қилинган уйларнинг аксари эгаларига берилди.

Тошкентда амалга оширилган ижобий ўзгаришлардан яна бири, пойтахтнинг қатор нуқталарида байроқ майдонлари ташкил этилгани бўлди. Қолаверса, Тошкентнинг кўплаб нуқталарида ташландиқ манзилга айланиб қолган жойлар, сайилгоҳга айлантирилди. Ёрқин, ранг баранг чироқлар кишининг кайфиятини кўтаради. Бугун бу сайилгоҳлар одамлар билан гавжум. Бу нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳлар хотирасида обод ва озода Тошкентнинг имижини яратишда жуда муҳим омилдир. 

Ортиқхўжаев Тошкентда одамлар дам олиши учун сайлгоҳларни кўпайтиришга эътибор қаратди. Қисқа вақт ичида бир нечта яшил майдонлар ташкил этилди. 2000-йилларда бўлгани каби одамлар кўчалардаги томошалардан баҳраманд бўла бошлади.

Тошкентдаги ўзгаришларга тўхталар эканмиз, пойтахтнинг борган сари “пластический город”га айланаётганини айтмай илож йўқ. Тошкент Ортиқхўжаев даврида ҳам ўз имижини топиб олганича йўқ. У қадимий шаҳар, унга Хитойдан олиб келинган “дешовый” буюмлар ва АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларига бағишлаб ўрнатилган соатларнинг нусхалари ярашмаслиги кундек равшан. Ўзбекистон бошкентига ўзига хос ва мос ҳайкал ва монументлар ўрнатилиши мақсадга мувофиқ бўларди, чаманда.

Ортиқхўжаев ҳокимлиги даврида Тошкент шаҳар ҳокимияти иши ўзгарди. Шаҳар маъмурияти аввалгига нисбатан очиқроқ ишлай бошлади. Бўлаётган ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида ахборот бериб келиняпти. Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов даврида бўлгани каби ҳоким юмшоққина ўриндиғидан турмай, ёзнинг иссиғидан, қишнинг совуғидан сақланиб кабинетида ўтиргани йўқ. Одамлар ҳам ҳокимни таниб, ўз арз-додини чўчимай айта бошлади. Бир сўз билан айтганда, тошкентликларга ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб олишига имкон яратилди.

Табиийки, танганинг икки томони бор. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким бўлганидан кейин юз берган ўзгаришларнинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратсак. 

Тошкентдаги “уйлар қирғини”

Ортиқхўжаев даврида Тошкентда “уйлар қирғини” авж олди. Кўп ҳолларда бузиш ишлари аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Бунга мисол тариқасида Шайхонтоҳур тумани Себзор даҳасидаги “Жангоҳ” маҳалласини эслаш кифоя. 2018 йилнинг 29 сенятбрь куни кечаси булдозер ва экскаваторлар билан уйларнинг бузилиши у ерда яшовчиларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Ҳокимлик аҳоли март ойида огоҳлантирилганини таъкидлаган бўлса-да, бузиш ишларининг тунда бошланиши кўплаб баҳсларга сабаб бўлди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимлигидаги уйлар бузилиши Буюк Британиянинг йирик “The Guardian” ва BBC нашри танқидига ҳам сабаб бўлди.

“The Guardian”  нашри ўз мақоласида Тошкентда камида 10 минг киши ўз уйидан кўчирилганини, шунингдек, яна 30 минг кишининг уйи “снос”га тушиш хавфи борлигини таъкидлаганди.

Бу мақолага ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев мактуб билан жавоб қайтарди. Мактубда “The Guardian” нашри келтирган рақамларга ишониш қийинлиги, негаки, улар шаҳар маъмурияти маълумотларига асосланмаганлиги айтилган.

Шунингдек, Тошкентда уйлар шунчаки, бузилмаслиги, айниқса, бузиладиган уйда яшовчилар огоҳлантирилиши қайд қилинган. Бинолар компенсация борасида келишилмай туриб бузилмаслиги алоҳида таъкидланган.

Мактуби якунида Жаҳонгир Ортиқхўжаев “The Guardian”ни Тошкентга таклиф қилган ва маъмурият билан ҳамкорликда батафсил маълумотларга эга бўлишга чақирган.

Ҳоким BBC’нинг эътирозларини ё жавобсиз қолдиришни маъқул топди, ё жавоб топиб бера олмади. Нашр Миробод тумани “Байналмилал” маҳалласи аҳолисидан келиб тушган видеомурожаатлар асосида ўрганиш олиб бориб, маҳалладаги уйларни аҳолининг розилигисиз бузиш юзасидан қарор чиқарилгани, ер инвесторга берилганини ёзади. Аҳоли эса бунга қаттиқ қаршилик кўрсатаётганини қайд этади. Бу танқидлардан кейин “Байналмилал” маҳалласидаги масала кун тартибига чиқди. Ҳоким бунга данғиллама уйлар орасида бева-бечоранинг пана-пастқам уйлари қолиб кетганини сабаб қилиб кўрсатиш билан қутулди. Аммо, масала узил-кесил ечимини топгани йўқ. Ҳокимга кўра, бойлар маҳалласидагиларга ёрдам бериши керак. “Йўлларни таъмирлатсин, қўни-қўшнисига ёрдам берсин. Ўшанда маҳалласи бузилмайди”, дейилган эди учрашувлардан бирида.  

Бундан ташқари, уйи бузилаётганлар ўзларига шаҳар четидан уй берилишидан ҳам норози бўлиб келяпти. Ҳеч кимга сир эмаски, Тошкентда уй баҳоси унинг марказга қанчалик яқинлиги билан баҳоланади. Шаҳар четидаги каттагина ҳовли марказдаги икки хонали квартира билан бир нархда бўлиши мумкин. Шундай экан, одамларнинг норозилиги қанчалик тўғри, буниси ҳар кимнинг ўзига ҳавола...

Тошкентда инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларга қандай имкониятлар берилди?

Шаҳар ҳокимлиги Жаҳонгир Ортиқхўжаев даврида инвесторлар ва тадбиркорлар учун бир неча бор “Очиқ эшиклар” кунини ўтказди. Тошкентликлар ўз вақтида пойтахт ҳокими кимлигини йиллар давомида танимай келган. Таъбир жоиз бўлса, ҳеч бир ҳоким Тўлаганов ва Ортиқхўжаев каби одамларга, халққа, тадбиркорга яқин бўла олгани йўқ. Ортиқхўжаевнинг “Очиқ эшиклар куни” сабаб тадбиркорлар шаҳар раҳбарларини танияпти, суҳбатлашяпти, муаммосини айта оляпти. Қолаверса, шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрнатилган тартибга асосан, ҳар ойда бир марта тадбиркорлар барча ташкилот вакиллари билан бир жойда учрашиб, керакли ҳужжатларни ўша ернинг ўзида расмийлаштиряптилар. Аввалгидан ҳамма ташкилотга алоҳида югуриб, раҳбарнинг тушликдан қайтиб келишини кутишга ҳожат қолмади. Энг муҳими, коррупцияга аста-секин барҳам бериляпти. Кўпчиликка яхши маълум, авваллари раҳбарларнинг фалон ҳужжатга имзо чекишининг “ставка”си бор эди. Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам тўқ, кўзи ҳам тўқ. Атрофидан ҳам порахўрларни йўқ қилиш пайида. 

Аммо, ҳаммага ҳам бирдек ёқиб бўлмайди ва тадбиркорлар билан чиқаётган муаммоларнинг барчасида ҳам Ортиқхўжаевнинг айбдор қилиш ҳам ноўрин. Масалан, хорижлик инвесторларнинг кўплари Тошкентга катта лойиҳаларни амалга ошириш учун келишмоқда. Бироқ, юқори натижа берган ҳамкорлик ҳалигача кўзга ташлангани йўқ. Бу ҳам бўлса, Тошкент инвесторлар ишончини қозона олмаганидан далолат. 

Бундан бир неча йиллар илгари Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланган туркиялик сармоядор Аҳмет Демир “Чорсу” меҳмонхонасини ишга тушириш ҳуқуқини қўлга киритганди.

“Demir Group” ширкати анчадан бери ишлатилмай, қаровсиз қолган “Чорсу” меҳмонхонасини реконструкция қилиш ва янги ресторан очишни режалаштирганди. Меҳмонхона 2019 йилнинг охиригача ишга туширилиши керак эди.

Бироқ меҳмонхонада ишлар тўхтаб қолган, балки умуман бошланмаган.  Ўзгаришлар бўлмаётгани маълум бўлгач, Аҳмет Демир бунинг сабабини қуйидагича очиқлаганди:

“Айрим муаммолар бор. Энг катта муаммоимиз эса – қоғозбозлик. Масалан, бир пайтлар айтиб ўтганимдек, бизга қўшимча ер керак. Чунки меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди. Аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”.

Инвестор Аҳмет Демирга ресторан очиш учун Тошкентдан жой берилган. Бир неча ойдирки, ресторан фаолият юритяпти. У ҳар куни одамлар билан гавжум. QALAMPIR.UZ тўплаган маълумотларга қараганда, ҳалигача рестораннинг кадастр ҳужжатлари Аҳмет Демир номига расмийлаштириб берилмаган. Хўш, бу бюрократиянинг буткул йўқ бўлгани белгисими?

Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг Тошкент шаҳар ҳокими тўғрисида билдирган изоҳини келтирсак:

Бу ягона ҳолат эмас, жорий йилнинг бошида тошкентлик тадбиркор аёл амалдорларни судга бериш ҳаракатига тушиб қолганди. Гап шундаки, тадбиркор Фотима Жўраева ТВда айтилаётган чиройли гапларга ишониб, тадбиркорлик фаолиятини бошлагани ва бу борада кўплаб тўсиқларга дуч келганини айтган.

Тадбиркор ҳокимлик ташкил қилган “Очиқ эшиклар куни”да иштирок этиб, Сергели туманидаги ташландиқ ерни обод қилиш мажбуриятини олган. У ер эса кейин Фотима Жўраевага расмийлаштириб берилиши керак бўлган. Тадбиркорлар учун йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, бу бўйича шахсан топшириқ берган. Аммо белгиланган жой обод қилинганидан кўп вақт ўтганига қарамай, рамийлаштириш ишлари кечиктириб келинган.

Сабр косаси тўлгач, Фотима Жўраева яна бир бор Бош вазир билан учрашиш ва унга шикоят қилиш ниятида эканини билдириб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевга очиқ хат йўллади. То у бу ишга бош-қош бўлганлар ва шахсан Бош вазирни судга беришни айтмагунига қадар иши пайсалга солиб келинган.  Бу иш бироз вақт ўтгач, тадбиркор айтганидек ҳал қилиб берилди. Аммо, Тошкентда Жўраевага ўхшаб, оғзаки гапга ишониб, қурилиш қилган, сўнг ҳужжатларни расмийлаштира олмай сарсон бўлиб юрганлар талайгина.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳоли томонидан яна бир сабабга кўра жиддий танқид қилиб келиняпти. Бу божхонадаги чекловлар масаласи. “Akfa”, “Artel”, “Imzo” компаниялари, шунингдек, “Atlas”, “MediaPark” кўнгилочар савдо мажмуалари эгаси ҳоким бўлгач, одамлар божхонадан бир неча дона электротехника маҳсулотларини бирдан олиб ўтишга нисбатан чеклов ўрнатилганига қарши. Улар бу ишда ҳокимнинг қўли бор деган фикрни маҳкам ушлаб олган. “Crafers” компанияси таъсис этилгач, қандолат маҳсулотларини ҳам мамлакатга олиб киришда муаммолар юз бераётгани бот-бот янграб турибди.

Кўпчилик Ортиқхўжаев сиёсий кучидан фойдаланиб, қабул қилинаётган Ҳукумат қарорларини ўзига қулайлаштирди, деган фикрда.

Амалдаги шаҳар ҳокимининг фаолиятига қуйидагича баҳо берувчилар ҳам йўқ эмас:

Умуман олганда ҳокимдан норозилар арқонни узунроқ ташлаб, масаланинг туб моҳиятига етишга уриняпти. Баъзилар Ортиқхўжаев тимсолида кучли монополистни кўряпти.

Ортиқхўжаевдан мамнун бўлганлар эса Раҳмонбек Усмоновдан кейин очиқроқ ишловчи, халққа яқинлашувчи шахс ҳокимбува бўлганига шукр қиляпти.

Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейишганидек амалдаги шаҳар ҳокими аввалгиларидан анча яхшилиги бор гап. Тошкент шаҳрида охирги йилларда Янги йил ва Наврўз байрамлари бу йилдагидек катта тантана ва шукуҳ билан ўтказилмаётганди. Тошкентда ўрнатилган марказий Янги йил байрам арчаси Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари пойтахтларида ўрнатилган янги йил арчалари орасида баландлиги бўйича бешинчи ўринни эгаллашининг ўзи фикримизни исботлайди. Наврўз байрами ҳам пойтахтда аввал кузатилмаган катта тантана билан ўтказилди. Шаҳарнинг турли нуқталарида алоҳида томошалар уюштирилди.

Аммо ҳоким халққа яқин ва самимий муносабатда бўлгани билан кўп ҳолларда атрофидагилар унинг зарарига ишлашдан тўхтамаяпти. Шунинг ўзи ҳокимнинг обрўсига путур етказади. Бу ҳақда гап кетарган, шаҳар муаммолари фақат Ортиқхўжаевники эмас, балки тизимда фаолият юритаётган 60 минг ходимники. Ўринбосарлар, қўл остидаги ходимлари ҳокимнинг олдида табассум қилиб тургани билан, аксариятининг халқ билан учрашувда қўли чўнтакда. Халқни эшитиш малол келади. Ҳоким, ҳоким деймизу бу фақат ҳокимнинг эмас, жамоанинг иши. 

Яна бир жиҳат борки, уни айтмай кетиш тўғри бўлмайди. Шаҳар ҳокимлигининг Жаҳонгир Ортиқхўжаев шакллантирган PR жамоаси ўта самарали ишлаб келади. Улар йўқни бордек, озни кўпдек кўрсатишни билишади. Буни ҳам ҳокимнинг ўзига хос ютуғи дейиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Jahongir Ortiqxo‘jayev

Баҳолаганлар

241

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар