Коронавирусдан уйда даволанаётган беморларга дорилар бепул етказиб берилади – Махсус комиссия қарори

Жамият

image

Коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармонлар билан таъминланади. Бу ҳақда кеча, 16 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси йиғилишида қарор қабул қилинди.

Йиғилишда 15 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Махсус комиссия йиғилишида коронавирус инфекциясининг одамлар орасида кенг тарқалиши олдини олиш ва ушбу касалликка чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш, коронавирусга текширувларни тезкор ва самарали ташкил этиш ва беморларни керакли дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича биринчи галда қилинадиган ишларга эътибор қаратилди.

Комиссия йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар руйхати тасдиқланди.

Бундан буён коронавирус касаллигидан уйида даволанаётган беморларга “Гидроксихлорохин”, “Азитромицин”, “Парацетамол”, “Витамин С” каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда, бепул етказиб бериш йўлга қўйилади. 

Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар мазкур тиббий воситалар билан бепул таъминланади.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли идораларга зудлик билан мазкур дори-дармонларнинг 50 мингта тўпламини шакллантириш ва уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг