... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўқинг, бу қизиқ: антиқа еттилик


20:32, 26.08.2017 Саломатлик
 4 554

Танишинг: эътиборингизга киши саломатлигига фойдали ҳисобланган, бироқ одатда унчалик «назарга» илинмайдиган 7 та номдаги маҳсулотларнинг бизга маълум бўлмаган хусусиятлари ҳавола этилмоқда.

Инсон ўз саломатлигини сақлаш учун нималар қилмайди дейсиз. Вақти келса шўр ва ёғли маҳсулотлардан тийилиш зарур. Лозим бўлганда «қуруқ» парҳезга ҳам «ўтириш»га тўғри келади. Айрим ҳолларда ширинликдан тийилиш заруриятга айланади. Буни қарангки, ўз соғлигини ўйлаб ҳар бир муолажани ўз «синови»дан ўтказиб турувчи қизиқувчилар учун ғарб олимлари мева­сабзавотларнинг антиқа еттилигини тавсия этмоқда.
 
1-маҳсулот — олча. Сир эмас, кўпчилигимиз нордон таъмли олчага нисбатан ширинроқ таъмга эга бўлган йирик гилосларни хуш кўрамиз. Буни қарангки, ширинликка учиб хато қиларканмиз. Олча таркибида кексалик аломатлари ва касалликлари билан курашувчи антиоксидант моддалар миқдори кўп бўлиб, у шамоллаш ва яллиғланишнинг олдини олишга ҳам ёрдам бераркан. Айниқса, нордон таъмлилари!
 
2-маҳсулот — киви. Тўғри, бу тропик мева бироз тансиқроқ ва албатта бошқа меваларга нисбатан қимматроқ. Майин тукли қопламидан ажратиб олиш ҳам бироз ноқулайлик туғдиради. Бироқ бир дона кивида организм учун зарур бўлган бир суткалик витамин «С» меъёрнинг тахминан 115% мавжуд экан. Бунинг устига у вазн сақлаш мувозанатига таъсир этмайди, яъни семиртирмайди, чунки у атиги 45 килокаллория қувватга эга.
 
3-маҳсулот — балиқ. Юрак қон­томир тизими ва мия фаолиятининг меъёрда ишлаши учун балиқнинг тана тўқималари таркибида бўлган моддаларнинг аҳамияти беқиёс. Шифокорларнинг таъкидлашича, соғлом киши бир йилда камида 4–5 кг балиқ гўшти ейиш зарур экан. Уни қовуриб, қайнатиб, яна димлаб ҳам ейиш мумкин. Дудланган ва консерваланган балиқ маҳсулотлари эса ўз йўлига. Муҳими, балиқ гўшти таркибидан организмни турли касалликларга қарши курашда ёрдам берадиган, айниқса мия фаолияти учун зарур моддаларнинг мавжудлиги. Оилавий балиқхўрлик анъаналари эса ҳар томонлама фойдали.
 
4-маҳсулот — зиғир уруғи. Орамизда кўпчилик кунгабоқар пистасини хуш кўриши сир эмас. Таркиби ёғ ва оқсилга бой писта қанчалик ширин ва мароқли эрмак бўлмасин, оғиз бўшлиғи касалликлари келтириб чиқарувчи омил бўлиб қолаверади. Бунинг устига у кўзилғамас «тезликда» семиртиради ҳам. Зиғир уруғи таркибида эса лигнан гуруҳига кирувчи моддалар мавжуд бўлиб, организм бедаво дардларга чалинишининг олдини олади ва овқат ҳазм қилиш тизимини меъёрлаштиради. Яна бир устунлиги, унинг пўстлоғи йўқ, тишингиз орасига кириб асабийлаштирмайди ҳам. Таъми ёқимсизроқ­да десангиз, салатга ёки бўтқага аралаштириб истеъмол қилинг ва фойдали моддалардан баҳраманд бўлинг.
 
5-маҳсулот — сут зарбоди. Юзингизни буриштирманг, ахир у сиз севиб истеъмол қиладиган пишлоқ ва творог тайёрлашдан қоладиган иккиламчи маҳсулот. Шундай бўлсада у жуда фойдали. Ишонмайсизми? Унда қулоқ тутинг: биринчидан, сут зардоби оқсил моддасига бой. Бундай оқсил ҳам фойдали, ҳам ортиқча вазн тўпланишига олиб келмайди. Бундан ташқари, қайта ишлаш оқибатида ушбу оқсилнинг тузилиши энди қорамол сутидан кўра кўпроқ она сутига ўхшаш ва осон ҳазм бўлади. Шунинг учун ҳам болалар учун ишлаб чиқарилган тайёр бўтқаларнинг кўпчилиги сут зардоби ёрдамида тайёрланади. Иккинчидан, унинг таркибида меъда­ичак фаолиятини меъёрлаштирадиган ачитқилар мавжуд.
 
6-маҳсулот — карам. Озишни истаганлар баъзи кишилар қуёнлар каби «кемириб» юрадиган оддий карам. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, карам таркибида бедаво дардга (онкологик касалликларга) қарши индол ва сульфорафан моддалари, суяклар мустаҳкамлиги учун кальций, қон айланиш тизими учун темир моддаси бор экан. Бундан ташқари, ҳаёт учун зарур аминокислоталар — витамин “A”, “C” ва “К” лар мавжуд. Улар кўз фаолияти, иштаҳа очилиши, қон ивишини таъминлашга хизмат қилар экан. Кам калорияга эга бўлгани учун ҳам организмдаги ортиқча ёғ қатламларининг эришига хизмат қилади ва меъда фаолиятига зарур бўлган клечаткага бой.
 
7-маҳсулот — кокос. Бу тансиқ тропик мева ҳар доим ҳам дастурхонимиз безаги бўлавермайди. Қоматини қатъий дастур орқали сақлайдиган қизлар уни ҳаддан ортиқ ёғли деб ҳисоблашлари ҳам бор гап. Ҳақиқатдан ҳам какос таркибида бошқа ёнғоқмевалар каби ёғ миқдори мавжуд. Бироқ бу организмда тўпланиш хусусиятига эга бўлмаган ёғ. Какос ёғини зарарли хусусиятларга эга пальма ёғи билан адаштирманг! Кокос мевасининг таркибидаги минерал тузлар, темир ва калций моддаси ҳамда витаминлар организм учун фойдали.
 
 Хулоса. Ғарб олимларининг антиқа еттилик тавсиясида айрим ҳақиқатлар мавжуд. Буни инкор қилолмаймиз. Бироқ жаннатмакон ўлкамизнинг мева ва сабзавотлари ҳар қандай «антиқалик»дан устун. Қуёшга тўйинган ҳар қандай мева­чева­ю сабзавот, бир­биридан ширин полиз экинлари, иликни тўлдирадиган гўшт, сут ва балиқ маҳсулотларининг кони фойда. Фақат тўғри истеъмол қилиш ва меъёрни билсангиз бўлди.
 Улуғ БЕК 

Теглар:Фойдали маҳсулотлар олча киви балиқ кокос карам сут зардоби зиғир уруғи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!