Ўзбекистон тарихида биринчи марта электрон қонун ҳужжати қабул қилинди

Жамият

image

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон тарихида илк электрон ҳужжат қабул қилинди ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур ҳужжат Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган бўлиб, унга асосан тиббиёт ходимлари томонидан беморларга рецепт ёзишда дори воситаларининг савдо номини эмас, балки унинг таркибидаги таъсир қилувчи моддаларни ёзиш талаб этилади. Бу эса фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратади, шунингдек тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатларни, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ноқонуний келишувларни олдини олишга хизмат қилади.

Электрон тизимнинг жорий этилиши бир қатор қулайлик ва енгилликлар яратади:

•    Адлия вазирлигига киритилаётган ҳужжат қоғоз шаклида берилмайди ва муҳр билан тасдиқланмайди;

•    вазирлик ва идоралар билан келишиш учун электрон рақамли имзодан фойдаланилади;

•    ҳужжатлар бир вақтнинг ўзида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;

•    ҳужжатларни қабул қилиш учун алоҳида адлия вазирининг буйруғи қабул қилинмайди, улар уникал рақам берилган ҳолда электрон давлат реестрига киритилади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилади;

•    давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжатлар автоматик равишда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) чоп этилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон тизимига ўтиш давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қоғозсиз ҳужжат алмашинувини кенгайтириш, бюрократияни қисқартириш, бу соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ва норматив ҳужжатлар қабул қилиш жараёнини шаффоф ва тез амалга оширишга хизмат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

электрон қонун ҳужжати

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар