Ўзбекистонда давлат корхоналарини бошқариш учун менежерлар захираси шакллантирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органларига топ-100 та муваффақиятли менежерлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилади. Бу ҳақда корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида айтилган.

Қайд этилишича, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи халқаро молия ташкилотлари (Жаҳон банки, ОТБ, ЕТТБ, Франция ривожланиш агентлиги) билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органларига (ижро органи, мустақил аъзо) топ-100та муваффақиятли менежерлардан иборат кадрлар захирасини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар кўради.

2020 йил август ойига қадар кадрлар резервини шакллантириш ва Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида эълон қилиш мўлжалланмоқда.

Мазкур вазифани амалга ошириш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, халқаро молия ташкилотлари масъул этиб белгиланган.

Шунингдек, халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда музокаралар олиб бориш ва уларнинг натижаларига кўра мустақил аъзолар бўйича кадрлар захирасини яратиш бўйича халқаро амалиётни ўрганган ҳолда Кузатув кенгаши мустақил аъзолари уюшмасини ташкил этиш чораларини кўриш режалаштирилган.

2020 йил сентябрь ойига қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Бундан ташқари, давлат улуши устун бўлган корхоналар кузатув кенгаши таркибига топ-100та муваффақиятли менежерлардан иборат шакллантирилган кадрлар захирасидан камида битта, жумладан тегишли малака ва иш тажрибасига эга бўлган хорижий мустақил аъзони киритиш кўзда тутилган.

2020 йил ноябрь ойига қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги комплекс чора-тадбирлар, корхоналар бошқарув органлари қарорларини ишлаб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

менежер захира

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг