... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Оммавий заҳарланишга сабаб бўлган музқаймоқ цехи эгаси аниқланди


17:42, 17.05.2017 Жамият
 10 447

Музқаймоқ қоришмаларини озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластмасса идишларда кафега олиб келиб, сотилишига йўл қўйилган.

Аввал хабар берганимиздек, Андижон вилояти Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасига 2017 йил 15 май куни соат 1430 дан бошлаб, 2200 га қадар жами 186 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасининг турли бўлимларига кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
 
Шифохоналарга мурожаат қилган жами беморларнинг 4 нафари аҳволи ўртача оғирликда бўлганини инобатга олиб, улар туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва муолажалардан сўнг аҳволи яхшилангач, шу куннинг ўзидаёқ умумий бўлимга ўтказилган. Қолган беморларнинг аҳволи анча енгил, уларга умумий палаталарда тиббий ёрдам ташкил этилди. 2017 йилниннг 17 май соат 1700 ҳолатига кўра, шифохонада 33 нафар бемор шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг аҳволи ҳам яхшиланмоқда.
 
“Qalampir.uz” сайти бу борада аниқ маълумот олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. ССВ Ахборот хизматининг хабар беришича, шифохона ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.
 
Беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини 2017 йил 14 май куни Шаҳрихон туман маркази, Амир Темур кўчасида жойлашган “МАКС” кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмол қилиш билан боғлаган.
 
Аниқланишича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо Жамолиддин ўғли якка тартибдаги тадбиркор сифатида 2015 йил 4 апрелида 0004238 рақами билан Андижон вилояти, Андижон тумани, ягона дарча марказидан рўйхатдан ўтказилган.
 
Аммо у ҳеч қандай тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан, ўзи яшайдиган Андижон шаҳар, Фаробий МФЙ, Тешабой Мирзаев кўчасидаги 29-уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган. Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида эса санитария талабларига риоя қилинмаган. Музқаймоқ қоришмаларини озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластмасса идишларда кафега олиб келиб, сотилишига йўл қўйилган.
 
Музқаймоқ қоришмаси вақтинчалик сақланадиган идишлар, 4 та фрезер ускунасининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари ҳамда фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмаган.
 
Тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашда хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилган. Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим ўрнатилган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган.
 
Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика бош давлат санитария врачи С.Сайдалиев, Вирусология илмий текшириш институти директори Э.Мусабаев, Эпидемиология, микробиология ва юқумлик касалликлар илмий текшириш институти директори А.Абдушукуров ва вазирликнинг бир гуруҳ етакчи мутахассислари Андижон вилояти Шаҳрихон туманига юборилган.
 
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.
Бобур Жалолов

Теглар:Андижон Музқаймоқ Шаҳрихон заҳарланиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Farruh
22:46 17.05.2017

Qishloq joylardagi oziq ovqat bozorlarini ham tekshirish kerak



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар