Шавкат Мирзиёев Туркияга сафарини якунлаб, Тошкентга қайтди
Жамият
−
21 Февраль 2020
5045Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди. Президентлар раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда икки мамлакат ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилди.
Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.
Ташрифнинг иккинчи кунида Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Туркия Президенти ҳузуридаги “Халқ кутубхонаси”нинг очилиш маросимида иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи якунланди. Давлат раҳбарини “Эсонбуға” аэропортида Президент Ражаб Тойиб Эрдўған кузатиб қўйди.