...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олий таълим вазирлиги талабаларни калтаклаган ўқитувчи видеосини изоҳлади


12:06, 16.11.2018 Жамият
 11 379

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан берилган баёнотда маълум қилинишича, видеодаги ҳолат жорий йилнинг 6 март куни содир бўлган.

Ҳафта бошида Бухорo Муҳандислик-технология институти ўқитувчиси Рамазон Муҳиддинов таълим муассасасига галстуксиз келган талабаларни ургани тасвирланган видео тарқалган эди. Ушбу воқеадан сўнг, институт ўқитувчи лавозимидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳодиса юзасидан QALAMPIR.UZ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик таҳририятнинг мурожаатини жавобсиз қолдирмай, расмий баёнот берди.
 
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан берилган баёнотда маълум қилинишича, видеодаги ҳолат жорий йилнинг 6 март куни содир бўлган. Видеода Бухорo Муҳандислик-технология институти “Олий математика” кафедраси доценти Рамазон Муҳитдиновнинг “Енгил саноат” факультети 8-17 ТЖ ЧГ ва 10-17 ТЖ ЧГ гуруҳи талабаларини урганлиги тасвирланган.
 
Ўрганишлар давомида Рамазон Муҳиддинов ҳақиқатан ҳам 6 нафар талабани ўқув интизомига риоя қилмагани учун дарс вақтида жазолагани тасдиғини топган. Муҳиддинов ўз навбатида ушбу талабаларни бир неча маротаба огоҳлантирган бўлса-да, мунтазам равишда дарс жараёнига халақит бергани, олий таълим муассасаси ички тартиб қоидаларига риоя қилмагани учун жазолаганини маълум қилган.
 
Мазкур ҳолат институт ректори ҳузурида педагогик жамоа иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, Рамазон Мухиддинов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
 
Шу билан бирга, ўз лавозим мажбуриятларини етарли даражада бажармагани ва педагог кадрлар фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатмагани учун “Электроника ва ишлаб чиқаришда ахборот-коммуникация технологиялари” факультети декани Ш.Раззақов, ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ў.Азимов, гуруҳ раҳбарлари М.Турсунқулова ва Ф.Абдурахмановаларга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.
 
Вазирлик ўқув жараёнларида талабалар билан мулоқотда педагоглар томонидан куч ишлатиш йўли билан уларни жазолашга қатъиян қарши ва бундай ҳолатлар содир этилганда қонунчиликда белгиланган тартибда кескин чора кўрилишини эслатиб, талабалардан ҳам олий таълим муассасалари ички тартиб қоидаларига риоя қилиш, профессор-ўқитувчиларни ҳурмат қилиш ва энг асосий мақсад билим олишдан чалғимасликни сўраган. 

Теглар:Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар