Brexit эпопеяси якунланяпти. ЕИдан чиқиш ҳужжати қироличага юборилди
Олам
−
23 Январь 2020
4365Буюк Британия парламентининг ҳар икки палатаси мамлакатнинг жорий йилнинг 31 январида Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳужжат тасдиқлаши учун Буюк Британия қироличаси Елизавета II га юборилган. Шунингдек, уни Европа парламенти ҳам тасдиқлаши керак.
Қайд этиш керакки, дастлаб Британиянинг ЕИдан чиқиши 2019 йилнинг март ойига режалаштирилганди. Бироқ парламент ва ҳукумат чиқиш шартлари масаласида келиша олмагани учун Brexit бир неча марта кечиктирилди.
2019 йилнинг декабрида Бош вазир Борис Жонсоннинг Консерваторлар партияси Brexit`ни тезлатишни ваъда қилиб, парламент сайловида ғалаба қозонди.
Жорий йилнинг 9 январида Жамоалар палатси (Британия парламентининг қуйи палатаси) Brexit тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Сўнг ҳужжат кўриб чиқиш учун Лордлар палатасига (Британия парламентининг юқори палатаси) юборилди.
Маълумот учун, Британия учун ЕИдан чиқиш 2010 йилда асосий сиёсий мақсад бўлиб улгурганди. 2016 йилда ўтказилган референдумда Иттифоқдан чиқиш тарафдорлари кўп экани маълум бўлди. Brexit туфайли Британиянинг икки Бош вазири муддатидан аввал лавозимини тарк этди. Булар, Brexit жараёни бошланганда ҳукумат раҳбари бўлган Дэвид Кэмерон ва ундан кейин келган Тереза Мэй.
LiveБарчаси