Бош соврини Spark бўлган мукофот таъсис этилди

Жамият

image

Ўзбекистонда бош соврини Spark автомобили бўлган “Илҳом” мукофоти таъсис этилди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Илҳом” мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Мукофот шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшларга берилади.

Мукофот учун танловни юқори савияда ўтказишга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ҳисобланади. Танловда республикадаги барча ОТМ иштирок этиши мумкин.

Танлов икки – дастлабки саралаш ва асосий танлов босқичларида ўтказилади.

Дастлабки саралаш босқичида номзодлар ОТМ миқёсида тест саволлари орқали сараланади.

Тест саволлари миллий адабиётнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи 50 та саволдан иборат бўлади.

Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган 3 нафар номзод ОТМ ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичда иштирок этиши мумкин. ОТМда сараланган номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, ҳар йили 15 апрелга қадар танловни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага тақдим этилади.

Ташкилий қўмита томонидан 1 ой давомида тақдим этилган ишларнинг ижтимоий аҳамияти, мавзунинг ёритилиши, талқиннинг ўзига хослиги, асарнинг бадиийлиги бўйича ҳар бир талаб 5 баллик тизимга биноан баҳоланади.

Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:

•    1-ўрин учун – Spark автомобили, махсус диплом ва статуетка;
•    2-ўрин учун – 30 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуетка;
•    3-ўрин учун – 15 млн. сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуетка.

Мукофот билан тақдирлаш ҳар йили Aдиблар хиёбони очилган кун – 20 майда “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Spark Илҳом мукофоти

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг