... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўғил бола келажакда бепушт бўлиб қолишининг сабабчиси тагликми?


19:30, 03.05.2017 Саломатлик
 11 545

Тагликдан фойдаланишнинг кундузги нормаси 2-3 соатни ташкил қилади. Бордию, бола 1 соатда тагини тўлдириб қўйса, унда дарҳол бошқасига алмаштириш керак бўлади.

Тагликлар пайдо бўлиши билан ёш оналар ҳаёти анча енгиллашди, десак, хато қилмаймиз. Энди кунига 10 марта боланинг тагини алмаштириб, ювишнинг ҳожати қолмади. Бундан ташқари, кечаси бола тагини ҳўллаб қўйса ҳам, ота-онаси ва ўзининг ширин уйқусини бузмайди. Хуллас, Тагликнинг фойдали томонлари жуда кўп. Лекин бундай тагликлар бола соғлиғи учун хавфли, деган гап ҳам йўқ эмас.
 
Матоли тагликлар ҳозирги тагликлардан фойдалими?
 
Бу нотўғри мулоҳаза. Чунки матоли таглик намликни шимиб олиш хусусиятига эга эмас. Бундай таглик боланинг терисини қуруқ сақлай олмайди, қолаверса, мато намланса, юмшоқлигини йўқотади. Натижада бола териси қизариб, ачишиши мумкин. Замонавий тагликлар намликни ўзига тортиб олиб, боланинг терисини қуруқ сақлайди. Агар ундан тўғри фойдаланиб, ҳар 3-4 соатда алмаштириб турилса, бола ҳеч қандай зарар кўрмайди.
 
Боланинг оёғини қийшайтирадими?
 
Малакали мутахассисларнинг таъкидлашича, тагликлар боланинг тўғри ўсишига ҳеч қандай зарар кўрсатмайди. Қолаверса, тагликлар оёқ ва сон бўғимларига халақит қилмайди.
 
Тагликда тери нафас олмайдими?
 
Билсангиз, сифатли тагликлар ҳаво ўтказиш хусусиятига эга. Улар бошқалардан нархи ва кўриниши билан ажралиб туради. Лекин ҳар қанча сифатли ва қиммат тагликдан фойдалансангиз ҳам, ҳар сафар уни алмаштираётганда камида ярим соат боланинг терисига дам беришга одатланинг.
 
Ўғил болалар учун хавфлими? 
 
Оналар орасида “ўғил болага тагликни кўп кийдириш келажакда бепуштликни келтириб чиқаради”, деган гап юради. Аслида-чи? Айнан шу мавзуда изланиш олиб борган олимлар аллақачон тагликнинг ўғил бола саломатлигига ҳеч қандай зарар қилмаслигини исботлаб беришган. Агар таглик кийдириб, гигиена қоидаларига тўғри амал қилинса, албатта.
 
Қизлар учун-чи?
 
Юқорида айтилганидек, тагликлар ўғил болалар учун катта хавф келтирмайди, аммо қизларга келганда, ундан эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Негаки, эътиборсизлик туфайли гўдакда цистит ва бошқа вирусли касалликлар пайдо бўлиши хеч гап эмас. Шунинг учун мутахассислар ҳар гал қиз боланинг таглигини алмаштираётганда уни, албатта, ювинтириш кераклигини таъкидлашади. Шундай экан, нам салфеткани четга суртиб, сувни илитинг ва ширинтойингизни ювинтиришга одатланинг.
 
Таглик неча ёшгача кийилади?
 
Маълум бўлишича, бола 12-20 ойлигидан бошлаб тувакка ўтириш даражасига етади. Айнан мана шу пайтда у ўзининг хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик сеза бошлайди. Аммо бу бола 1 ёшидан бошлаб, таглик билан бутунлай хайрлашиши керак, дегани эмас. Боланинг неча ёшгача таглик кийиши ёшига эмас, бошқа нарсага боғлиқ. Масалан, болани кундузи тувакка ўтқизиш мумкин, лекин тунда таги ҳўл бўлиб безовталанмаслиги учун эса тагликдан фойдаланиш ўринли. Бундай ҳолатда бола қачонки эрталаб таги тўлиқ қуруқ бўлиб уйғонса, шунда таглик билан хайрлашса бўлади. Яна бир ҳолат: айрим болалар тагликда ўзини яхши ҳис этмайди ва кийганда кўп безовталанади, мана шундай вазиятларда тагликдан иложи борича эртароқ қутулиш тавсия этилади. Шунингдек, жуда фаол болаларни тагликдан эрта ажратиш мақсадга мувофиқ.
 
Муддатга эътибор беринг
 
Тагликдан фойдаланишнинг кундузги нормаси 2-3 соатни ташкил қилади. Бордию, бола 1 соатда тагини тўлдириб қўйса, унда дарҳол бошқасига алмаштириш керак бўлади. Уйқу пайтида юқорида белгиланган муҳлатга атиги бир соат қўшиш мумкин. Мабодо бола таги намлигини сезмай ухлашда давом этса, уни уйғотмай туриб ҳам алмаштириш мумкин.
 
Текин маслаҳат
 
Болани ҳар сафар тоза ҳавога олиб чиқишдан олдин ва уйқу қайтгандан сўнг, ухлашидан аввал ва кейин таглигини алмаштиришни қоидага айлантиринг. Тагликдан белгиланган вақтдан зиёд фойдаланманг. Бу тавсия кўпроқ тагликни тежаш мақсадида “тўлишини” кутадиган оналарга тегишли. Ҳозир дўконларда болалар учун махсус ишлаб чиқарилган нам салфеткалар сони ва тури жуда кўп. Эсингизда бўлсин, ҳар қандай қиммат ва ўта сифатли нам салфетка барибир тоза илиқ сув ўрнини боса олмайди. Шу сабаб, бундай воситалардан иложи борича камроқ фойдаланинг. Фойдаланган тақдирда ҳам салфетканинг таркибини ўрганиб чиқишга эринманг. Болалар гигиенаси учун мўлжалланган салфетканинг таркибида креми борларидан фойдаланмаган маъқул.
 
Тавсия
 
Ҳар гал тагликни алмаштираётганда, боланинг терисига пахта ёғи ёки оддий зайтун мойини суртинг ва 10-20 дақиқа қуёш нури тушадиган жойда олиб ўтиринг. Ана шу вақт мобайнида боланинг терисига диққат билан разм солиб, қизил доғлар ёки тагликдан қисилган излар йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Бордию, таглик боланинг сонларини қисаётган бўлса, уни бир ўлчам каттасига алмаштиринг.
Мадина Муҳаммадиева

Теглар:Бола таглик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси гигиена қоғозидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар