... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

ЎФФ “Бунёдкор” стадионидаги тартибсизлик бўйича расмий баёнот берди


16:07, 06.12.2017 Спорт
 3 010

“Бу ҳолат юртимизда ўзбек футболига мухлислар томонидан бўлган қизиқишнинг яна ошаётганидан дарак”, - дейилади хабарда.

Жорий йилнинг 4  декабрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида “Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасида Ўзбекистон Кубоги финали бўлиб ўтди.
 
Мазкур ўйин якунланиши биланоқ стадионда мухлислар томонидан тартибсизлик ҳолати келтириб чиқарилди.
 
Мухлислар тўсатдан бепул тарқатилган тўпларни биринчи бўлиб олиб олиш учун майдонга бостириб боришганди.
 
Бўлиб ўтган воқеа юзасидан Ўзбекистон футбол федерацияси расмий баёнот берди.
 
“Учрашув пайтида 34 минг мухлисга мўлжалланган “Бунёдкор” стадиони ишқибозлар билан тўлиб-тошди.
 
Бу ҳолат юртимизда ўзбек футболига мухлислар томонидан бўлган қизиқишнинг яна ошаётганидан дарак беради.
 
Илк бора Ўзбекистон Кубоги финали олдидан ўзига хос шоу уюштирилиб, стадионга йиғилган мухлислар учун Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан ҳақиқий байрам ташкил этилди.
 
Шоу-дастурда ўзбек эстрадасининг таниқли вакиллари – Шаҳзода, Райҳон, “Уммон”, “Беном”, Шаҳриёр, Рухшона каби эстрада юлдузларининг иштироки учрашув олдидан мухлисларга кўтаринки кайфият бахш этди.
 
Ўз ўрнида  Ўзбекистон футбол федерацияси шоу дастурини ташкил этишда кўрсатган амалий ёрдами учун Ўзбекистон Маданият вазирлигига ўз миннатдорчилигини билдиради.
 
Шу йилнинг 25 ноябрь куни Япониянинг Сайтама шаҳрида ОЧЛ финали бўлиб ўтган ва бу финал учрашувини ПФЛ бош директори Омон Ғофуров бевосита стадиондан кузатиб борган эди. Омон Ғофуров ОЧЛ финали каби нуфузли мусобақаларни ташкил этиш тажрибасини ўрганиб, бу тажрибани юртимизда ҳам қўллаш мақсадида Ўзбекистон Кубоги финалини катта шоу тариқасида ўтказишга қарор қилинди.
 
Мухлисларни стадионда хурсанд қилиш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан копток ва шарфлар совға тариқасида тарқатилди.
 
Мухлисларнинг эмоцияларга берилиб, ўйин якунига етганидан сўнг “Локомотив” клуби футболчиларини табриклаш мақсадида майдонга чиқиб кетиши каби вазиятлар футболи ривожланган давлатларда ҳам учраб турадиган ҳолат ҳисобланади.
 
Финал учрашувини ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа бевосита стадиондан кузатиб борди. 
 
ОФК Президенти муросасиз кечган финал ўйинидан катта таассурот олганини таъкидлаб, малакатимизда мухлисларнинг футболга бўлган қизиқиши юқори эканини қайд этиб ўтди.
 
Ўзбекистон футбол федерацияси келаси мавсумдаги учрашувларни ҳам кўтаринки кайфиятда, ҳақиқий байрам тарзида ўтказиб, футбол мухлисларини хурсанд қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради.
 
Мухлисларни эса стадионларга чорлаб қоламиз!”, - дейилади ЎФФ расмий баёнотида.
 
Эслатиб ўтамиз, Кубок мусобақаси финалида ғолиб чиқиб, Ўзбекистондан ОЧЛ йўлланмасига тўғридан-тўғри йўл олган “Локомотив” бугун, 6 декабрь куни гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЎФФ расмий баёнот Локомотив мухлислар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!