Мақола изидан: Адлия туман ҳокимлигига огоҳнома, вилоят прокуратурасига хат киритган

Жамият

image

Кеча, 17 январь куни таҳририятимиз томонидан қуйичирчиқлик фермер Акмалхўжа Турсунхоновнинг 380 гектар ерини ҳокимият томонидан ноқонуний тортиб олингани ва ҳали-ҳануз қайтариб берилмаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Танқидий мақолада низо юзасидан фермер томонига Олий суд қарори чиқарилган бўлса-да, ҳокимият томонидан ижро қилинмаётгани ва прокуратура ҳам бунга кўз юмаётгани баён этилган эди. 

Тадбиркор масала юзасидан Олий суд раисига, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага, Адлия вазири Руслан Давлетовга ва Ёшлар иттифоқига мурожаат этгани ва натижа ҳамон бўлмаётгани ҳақида маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева ташкилот маълумотини тақдим этди. 

“Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 8 ноябрдаги қарори билан Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 2019 йил 12 апрелдаги 1305-сон қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Ушбу қарорнинг ижроси таъминланмаётганлигидан норози бўлиб,  “Гулистон Агро Файз” фермер хўжалиги раҳбари Акмалхўжа Турсунхонов Адлия вазирлигига мурожаат йўллаган. 

Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишларини олиб борган. Натижада Қуйичирчиқ туман ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қарори ижросини таъминлаш ҳақида огоҳнома ҳамда Тошкент вилоят прокуратурасига туман ҳокимлигининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида хат киритилган”, дейилади расмий хабарда. 

Мазкур ахборотдан тушуниш мумкинки, Қуйи чирчиқ туман ҳокимлиги нафақат Олий суд қарорининг ижросини, Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан берилган огоҳномани ҳам эътиборсиз қолдирмоқда. Тошкент вилояти прокуратурасига киритилган адлия бошқармаси хатининг тақдири ҳам қоронғулигича қолмоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Қуйичирчиқ Акмалхўжа Турсунхонов

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг