...
МЕНЮ
ONLINE TV

Одамларнинг маоши жуда юқори, ҳаётимиздан нолимаймиз! – Қорбобога мактуб


14:16, 22.12.2018 Жамият
 13 154

Ҳеч ким ҳаётидан нолимайди. Одамлар қонунлардан ҳам, маош бир баробар ошганда икки баробар сакрайдиган нархлардан ҳам рози.

Ассалому алайкум! Биз фақат мўжизалардагина борлигига ишонадиган, оппоқ соқоли белига тушиб турадиган ўша қизил либосли Қорбобо! Омонмисиз? Буғуларингиз кўча-кўйда сирпанмай, шохлари арча буталарига илинмай, совғалари оғирлик қилмай учиб юрибдими?
 
Ҳадемай Янги йил кириб келади. Ким нима совға кутаётган экан, ким менга қандай мактуб ёзаётган экан, деб кўзингизга уйқу келмаётган бўлса, ажаб эмас.
 
Мана, мен ҳам сизга янги йил мактубини жўнатяпман. Имкон қадар уни диққат билан ўқинг.
 
Хуллас, бизда ҳаво жуда совуқ. Тинимсиз қор ёғади. Шунинг учун электр токини, газни умуман ўчиришмайди. Қишлоқларда ҳам 24 соат иссиқ сув, совуқ сув келиб туради. Тунлари чироқ ўчиб қолганидан нолиб шам ёруғида ўтиришлар йўқ. Мактаб ўқувчилари иссиқ хоналарда дарс қилишади. Улар учун ҳамма шароитлар бор. Совуқдан қийналишмайди.
 
Талабалардан сўрасангиз ҳаммаси аъло. Дарслардан, бир йилда икки маротаба ошадиган контракт нархидан ҳам доим кўнглимиз тўқ. Давоматимиз, формаларимиз жойида. Ўқишга ўзимиз хоҳлаб борамиз. Ўқитувчиларимиз дарс тугади, кетинглар деса ҳам ўтираверамиз. Чунки бизга амалий кўникмалардан кўра назария кўпроқ керак эканлигини яхши биламизда. “Конспект” ёзиш жону дилимиз. Шунинг учун ўқитувчи керак эмас, деса ҳам дафтарларни тўлдириб конспект ёзамиз. Муҳими ҳаммаси эсимизда қолади.
 
Муаммоларимиз йўқ. Интернет жуда зўр ишлайди. “VPN” нималигини билмаймиз. You tube, facebook’га кўз очиб юмгунча уланамиз. Ишонмасангиз ижтимоий тармоқларга киринг, исботини ўз кўзингиз билан кўрасиз.
 
Ҳеч ким ҳаётидан нолимайди. Одамлар қонунлардан ҳам, маош бир баробар ошганда, икки баробар сакрайдиган нархлардан ҳам рози. Муҳими, ҳеч бир соҳада коррупция йўқ.
 
Кундалик ҳаётимизга келсак, одамларнинг маоши жуда юқори. Ҳамаси фарзандини контрактга ўқитиш билан бир қаторда, яхши яшаб, машина ҳам оляпти. Етмаганига “Tashkent city” дан миллион, миллионга уй ҳам буюртма беришган. Тўғрида, Майк Тайсондек машҳур спортчига қўшни бўлиш ёмонми?
 
Айтганча, яқинда “Scorpion” деган кино чиқди. Тайёр бўлиб экранларда намойиш этилгунча миллиард-миллиард пул сарфланибди. Шаҳарликлар майликуя қишлоқдагилар эшитиб роса хурсанд бўлди. Чироқ ўчмаса, газ ловаллуб турса, ҳеч қандай муаммосиз ҳаёт кечиришаётган бўлса, бўш вақтларида кино кўриб ўтиришади-да. Мен ҳам яқинда кўрдим, ро-о-оса зўр кино бўлибди. Сарфланган пулига арзийди. (!) Одамларни мақтаганича бор экан. Шунақа киноларни кўпайтиришларини истаймиз. Одамлар янада хурсанд бўлишади.
 
Байрамда ҳеч кимга машина совға қилиб ўтирманг. Malibu лар 30 000, янги чиққан Tracker лар 22 000-25 000 доллар бўлиб кетди. Қаранг қандай арзон! Чунки бизда GM Uzbekistan ҳар доим халқни ўйлайди.
 
Хуллас, бизга сиздан ҳеч нарса керак эмас! Муаммомиз йўқ. Биласизми, кўпчилик Қорбобо аслида йўқ, фақат эртакларда бўлади деса-да ушбу мактубни ёзишга жазм этдим. Негалигини биласизми? Чунки мен ҳам мактубда ёзганларим одамлар учун, сиз учун эртак эканлигини жуда яхши биламан!
Манзура Сайфиддинова

Теглар:Қорбобога мактуб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар