... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Очлик ёки дорилар билан мажбуран озиш – ўлимга қўйилган илк қадам


01:10, 07.04.2016 Саломатлик
 18 505

Гўзаллик қурбонликсиз бўлмайди, дейишади. Бироқ сизнинг саломатлигингиз атрофингиздагилар учун жуда муҳим. Қоматингиздан уялманг, энг муҳими сиз соғломсиз. Носоғлом озишнинг охири вой!

Сайтимиз орқали интернет нашрларида, хусусан, Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида пайдо бўлган янги А4 форматида озиш борасидаги тренд аёллар орасида машҳур бўлиб бораётгани ҳақида маълумот берган эдик.

Ушбу тренд орқали дунёнинг турли бурчакларидан бўлган аёллар ўз қоматларини, хусусан, бел ингичкалигини А4 ўлчамидаги оқ қоғоз билан таққослаган ҳолда интернет орқали суратларини намойиш этишдан чарчашмаяпти. А4 қоғозининг қалинлиги 210 миллиметрга тенг. Флешмоб иштирокчиларнинг ушбу трендни қўллаган ҳолда ижтимоий тармоққа ўз суратини жойлашидан мақсад белларининг нақадар ингичкалиги, бошқача қилиб айтганда, бошқаларникиданда ингичка эканини кўз-кўз қилишдир. “A4waist” флешмоби айни дақиқаларда Instagram ҳамда Twitter ижтимоий тармоқлари орқали оммалашмоқда.

Mashable портали берган маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ушбу флешмоб-трендни носоғлом турмуш тарзини тарғиб этишга олиб келишда ҳам айблашган.

Албатта, дунё миқёсида ортиқча вазнга эга бўлган аёллар борасида камдан-кам ҳолатларда “гўзал” деган сўз ишлатилади. Наҳотки, гўзаллик озғинлик билан ўлчанса, наҳот озиш ниятидаги аёллар қурбонликкача боришса, бу ақлга сиғадиган ҳолатми?

Аслида “A4waist” флешмоби қаторида ундан аввал ҳам аёлларни озғинликка, хипча бел, миниатюр ўлчамдаги либослар ўлчовида бўлишга чақирувчи турли флешмоблар ҳам пайдо бўлган. Афсуски, синаб кўрилмаган, охири нима билан тугаши ҳам номаълум бўлган озиш усуллари аёллар томонидан кенг қўлланилиб, камига тарғибот ҳам қилиб келинмоқда. Озишнинг осон деб айтиладиган усуллар аслида инсон саломатлигини бутунлай ишдан чиқаради. Бу ўзбошимчалик, ҳатто, ўлим ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин.



Тиббиётда анорексия деб номланувчи оғир касаллик бор. Бу дард билан 95% ҳолатда аёллар оғришади. Чунки ушбу касаллик айнан озиш билан боғлиқ, у тез озишни истаган аёллар ўртасида учрайди, афсуски, ўлим ҳолатлари ҳам юқори даражада қайд этилади.

“Анорексия” –  грек тилидан олинган сўз бўлиб, иштаҳаси бўла туриб, овқатдан тийилиш маъносини англатади. Бу инсоннинг озишга бўлган қаттиқ интилиши охири ўлим билан якун топадиган кассалликдир. Тиббиётда у анорексия деб юритилади. Бу касалликка чалинган беморнинг фикру хаёли озиш, озиш ва яна озиш бўлиб қолади. Ҳамма жойда, ҳар қандай вазиятда, қаерда ким билан бўлмасин фақат озиши кераклиги ҳақида ўйлайверади. Тўғри, озишга интилиш ўз самарасини беради, бироқ озғинлик керакли нуқтага етганда ҳам улар ўз қоматларидан қониқмайдилар. Ойнага қараган вақтларида ҳам худди семириб кетаётганга ўхшайверадилар. Натижада, гўзал, қоматига ҳамманинг ҳаваси келадиган аёл бир неча ойда қуруқ суякка айланади.



Бу касаллик дастлаб жуда катта иродани талаб этади. Ўз иродасини енгган инсон секин-аста озишга муваффақ бўлади. Бунда у овқатни белгиланган миқдордан анча кам истеъмол қилади, сув ичмайди ва ҳоказо. Аслида озиш борасида бу касалликка чалинган ҳар қандай инсоннинг ўз усули бор. Масалан кимдир овқат емасликка интилади, кимдир сув ичмайди, кимдир ўзини хамирли таомлардан, кимдир ширинликдан тийилади. Вақт ўтган сари мияси фақат озиш ҳақидаги фикрлар билан тўлган инсон атрофдагилардан узоқлаша бошлайди. Егулик, витамин, сув ва ҳордиққа ташна организм эса ўзида қолган бор фойдали моддаларни емиради. Маълумотларга қараганда, руҳий касалликлар ичида ўлим кўрсаткичи юқори бўлган касаллик ҳам айнан анорексиядир.

Биз озиш истагида бўлган, озиш учун парҳез сақлаётган ҳар қандай инсон анорексияга чалинади, деган фикрдан йироқмиз. Баъзида инсон иродасини ишга солиб бироз бўлсада озишига тўғри келадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Фанда ҳам айни ҳолат фойдали деб саналади. Аммо озишга эришиш йўлида тирик мўмиёга айланиб қоладиган даражада ўзини таомдан тийиш тентакликка киради, шундай эмасми?

Балки тез фурсатда озишга эришаётган аёллар белгиланган норма анча йироқда қолгани, аста-секин анорексия томон кетаётганликларини билишмас. Агар сиз ҳам озишга ўта муккангиздан кетган бўлсангиз, ойнага қараган чоғингизда ўзингизга семиздек кўринаверсангиз, биз сизга тақдим этадиган анорексиянинг белгилари билан танишинг.
 
Ким қандай озишни танлайди?


Озиш истагидаги инсонлар юқорида айтиб ўтганимиздек, буни турли хил усуллар билан амалга оширади. Масалан:
1. Жисмоний машқлар
2. Овқатни ўта кам миқдорда истеъмол қилиш
3. Суюқликлардан воз кечиш
4. Ошқозон ҳамда ичакларни қайта ва қайта ҳуқна (клизма) ёрдамида тозалаш
5. Атайлаб қайд қилишга ҳаракат қилиш
6. Турли ўтларни ичиш
7. Оздирувчи дори воситаларини қабул қилиш
8. Танани сиқувчи, ички органларни эзиб турувчи махсус кийимларни кийиш
9. Гармонал дори воситаларини қабул қилиш
10. Ич кетишни чақирувчи дори воситаларидан жуда кўп миқдорда фойдаланиш
 
Анорексиянинг белгилари


Табиий озиш нормасидан анча йироқлашиб кетган инсонларда депрессия, уйқунинг бузилиши, бирор овқатни истеъмол қилганда худди айб иш қилгандек ҳафа бўлиш, жазавага тушиш ва бошқа ҳолатлар кузатилади.

Касаллик кучая бошлаганда ҳайз циклининг бузилиши, тананинг турли қисмларида оғриқнинг пайдо бўлиши, суякларнинг оғриши, қон босимининг тушиб кетиши, анемия, аритмия, совуққотиш, ҳолсизлик, кучсизлик, терининг қуриб кетиши, буйрак фаолиятининг ишдан чиқиши, иштаҳанинг йўқолиши, оғиз қуриши, сочларнинг кучсизланиши кузатилади. Суяклар нозиклашиб, дарз кетиш ҳолатлари бўлиши мумкин.

Одатда анорексияга чалинган беморлар тик туриб, овқатни майда-майда бўлакларга бўлиб ейишади. Шунингдек, ҳар қанча уқтирманг, улар ҳеч қачон касал эканликларини тан олишмайди. Руҳий белгилари эса, сабабсиз жаҳл чиқиши, хафа бўлиш ва тажангликдир.

Баъзан бемор ўзбошимчалик билан гормонал воситалар қабул қила бошлайди. Бу касаллик қанчалар хавфли ҳисобланса-да, шу кунга қадар уни бутунлай даволайдиган дори воситаси топилганича йўқ. Шифокорлар тавсия қиладиган дори-дармонлар эса фақат умумий аҳволни яхшилашга ёрдам беради, холос. Қачонки беморнинг вазни ортиб борса, уни даволаш ҳам тезлашади.



Анорексия асосан дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўсмир қизлар орасида кўп учрар экан. Айниқса, бу хасталикка чалинган беморларнинг 90 фоизини 14-24 ёшдаги қизлар ташкил этиши ачинарли ҳол.

Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда хипча бел, ингичка оёқлар, ўта нозик аёллар гўзал деб баҳоланмоқда. Бундан фойдаланган айрим тадбиркорлар оздирувчи гиёҳлар савдосини йўлга қўйиб, савдо борасида “муваффақиятли натижа”ларга эришишмоқда. Ахир ўз-ўзидан жарақ-жарақ пул келиб турганда, бундай ўтларни ичиб ички органларнинг ишдан чиқиши эвазига кун сайин озаётган аёлларнинг саломатлиги уларни қизиқтирармиди?

Илм олишга қараганда озишга интилиш кучлироқ

Турмушга чиқиб фарзандли бўлиш чоғида бироз эт қўйган аёлларниг озишга бўлган интилишини-ку тушунамиз. Аммо эндигина мактабни, коллежни тамомлаган қизлар орасида ўқиш, билим олиш, бирор касбнинг эгаси бўлишдан ҳам озишга бўлган истак кучли.
 
Модель бўлишга интилиб...


Чет эл оммавий ахборот воситалари орқали у ёки бу моделнинг анорексияга чалингани ҳақида эшитамиз. Айтиш лозимки, бу касаллик айнан моделлар, актрисалар орасида кенг тарқалган. Сабаби оддий: Моделликка танланувчи қизларнинг қомати белгиланган ўлчамларда бўлиши лозим. Агар ўлчамлар керагидан ортиб кетса, улар подиумга чиқишга “ярамай” қолишади. Шу сабабли ҳам айнан модель қизлар ва йигитлар орасида озишга муккасидан кетиш касаллиги кўпроқ учрайди.

Анорексия келиб чиқиши сабабларига кўра бир неча турга бўлинади:

1. Невротик анорексия (турли ёмон ўйлар, қўрқув, ваҳима кабилар мия пўстлоғининг қизишига олиб келади)
 
2. Нейродинамик анорексия (асабийлик, оғриқлар миянинг иштахага жавоб берувчи қисмини ишдан чиқаради)
 
3. Асабий-руҳий анорексия ёки асаб кахексия (депрессия, руҳий зўриқиш, шизофрения туфайли овқатланишдан воз кечиш).
 
Даволаш мумкин...


Албатта, бу касалликни ҳам даволаш мумкин. Бироқ бунда беморнинг хоҳиши катта кучга эга эканини унутмаслик лозим. Жуда кўп вазн йўқотган, организми витаминларни емириб бўлган инсонлар устида ўтказиладиган даво чоралари одатда самарасиз кечади. Даволанган тақдирда ҳам бу жуда узоқ муддатни, ўз ишининг профессионал устаси бўлган бир қатор тиббиёт ходимларининг бирлашиб ишлашларини талаб этади.

“A4waist” каби флешмоблар носоғлом турмуш тарзига чақириш, инсонларни озишга бўлган қизиқишларини уйғотиш, қолаверса, интернет тармоғида маблағ топиш учун ўйлаб топилган ўйиндан бошқа нарса эмас. Унга риоя қилиш ёки қилмаслик ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.

Айни мавзудаги кейинги мақоламизда сизга гўзал бўлиш истагида даҳшатли даражада озиб кетган, ҳозирда орамизда йўқ бўлган ва анорексиядан қутулиш умидида ҳаёт кечираётган инсонлар ҳақида маълумот берамиз.
Умида Якубова

Теглар:Озиш Анорексия А4 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

FR
11:15 28.04.2016

Hamma narsada meyor yaxshi!


карина
21:55 07.04.2016

Кизик.....муаллифнинг узлари вазни кандай экан...озишга хеч харакат килмаганмикинлар?


Шерзод Шарипов
15:12 07.04.2016

Худо берган қоматга қаноат қилган мақул.


Nuriddin
12:23 07.04.2016

Узимизнинг аёлларимиз улардан минг чандон гузалрок



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Болангизга қайси бренддаги болалар бўтқаси сотиб оласиз?

Барча сўровлар