ОАВ: Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консули можароли сурат сабаб ротация қилиняпти

Олам

image

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консули Ростов-Дон шаҳридаги консулхонага ротация қилинади. Бу ҳақда “Телеграф” хабар берди.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консулхонаси раҳбари Жаҳонгир Эргашевнинг Ростов-Донга ўтказилиши унга ўхшаш эркак Москва кўчасидаги ресторанда ухлаб ётгани тасвирланган сурат тарқалиши билан боғлиқ экани таъкидланяпти.

Қайд этилишича, Жаҳонгир Эргашев Ростов-Донга етиб борган ва ўзига турар-жой қарашга ҳам улгурган. Қайд этиш керакки, Ростов-Донда Ўзбекистон консулхонаси очилиши ҳақида ўтган йили маълум қилинганди.

Гап шундаки, “Невские новости” нашри Жаҳонгир Эргашевга ўхшаш эркак Москва кўчасидаги кеча-кундуз ишловчи ресторанлардан бирида стол олдида ухлаб ётгани тасвирланган суратни эълон қилган. Сурат 10 март куни кечаси  олинган.

Сурат тарқалгач, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари дипломатни қўллаб-қувватлай бошлаган. Негаки, сурат дам олиш куни олинган. Бироқ шунга қарамай, Эргашев Ростов-Донга ротация қилинадиган бўлган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги консулхонаси 2018 йилнинг март ойида очилган. Август ойида Жаҳонгир Эргашев консулхонага раҳбар этиб тайинланганди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Жаҳонгир Эргашев фаолиятини Ростов-Донда давом эттиришини тасдиқловчи ёки уни рад қилувчи ҳеч қандай маълумот бермади.


Мақола муаллифи

Теглар

Санкт-Петербург Жаҳонгир Эргашев

Баҳолаганлар

93

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг