Ўзбекистонга келаётган хорижликлар учун янги виза жорий этилди
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
3549Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 19 сентябрь куни имзолаган фармони билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхатига қўшимча киритилди.
Киритилган қўшимчага кўра, рўйхатда мавжуд бўлган “Vatandosh”, “Student visa”, “Academic visa”, “Medical visa”, “Piligrim visa”лар қаторига энди “Investment visa” ҳам қўшилади.
“Investment visa” – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига белгиланган БҲМнинг 8 500 баравари миқдорида инвестиция киритган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга расмийлаштирилади. Ушбу визанинг амал килиш муддати уч йил.
Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхати шу кунга қадар қуйидагича эди:
“Vatandosh” — Ўзбекистон Республикасида туғилган шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва унинг ҳудудида доимий яшовчи қариндошларининг таклифномаси асосида бериладиган 2 йиллик виза;
“Student visa”— Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасалари, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган таълим муассасаларига қабул қилинган хорижий талабаларга бериладиган бир йиллик виза;
“Academic visa” — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари, вазирлик ёки идоралар илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятни амалга оширишни истаган хорижий шахслар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга бериладиган виза;
“Medical visa” — тиббий муассасанинг таклифига биноан даволаниш учун Ўзбекистон Республикасига кирувчи хорижий фуқаролар учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза;
“Piligrim visa” — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва туристик фаолият субъектларининг аризасига кўра Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний мероси, анъаналарини ўрганиш мақсадида кирувчи хорижий фуқаролар учун 2 ойгача бўлган муддатга бериладиган зиёрат визаси.