2,1 млн АҚШ долларининг Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди
Жамият
−
11 Апрель 2019
7113ДХХ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар ёрдамида 2,1 млн АҚШ долларининг Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилишига чек қўйилди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан хорижий валюталарнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш, айланма йўллар орқали мамлакат ҳудудига кириб келиши ва олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш борасида қатъий чоралар кўриляпти.
Хусусан, ДХХ Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Хўжаобод тумани “Мундуз” МФЙ ҳудудида “Андижон-Қорасув” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Раҳматилло Аҳмедов бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автомобиль тўхтатилди.
Мазкур машина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига яшириб қўйилган 1 дона 30 литр ҳажмли елим идишда ва 2 дона целлофан пакетда жойланган жами 2.116.501 (икки миллион бир юз ўн олти минг беш юз бир) АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюта борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридан бериб юборилган ушбу пулларни Қорасув шаҳрида яшовчи Раҳматилло Аҳмедов Шаҳрихон туманида кутиб олган. Мазкур катта миқдордаги хорижий валюта божхона назоратини четлаб ўтиб, қўшни Қирғизистон Республикасига чиқарилиши керак бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, ДХХ Андижон вилоят бошқармаси томонидан жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
LiveБарчаси