“Бу Гулжаҳон Йўлдошевадан барча айбловлар олиб ташланди дегани эмас”. Прокуратура баёнот берди (видео)

Интервью

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 6 октябрь куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасидан озод қилиниб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғида сақлаш чорасига ўзгартирилди. Мазкур ҳолат бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида QALAMPIR.UZ Чирчиқ шаҳар прокуратурасида бўлди. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 

QALAMPIR.UZ билан мулоқотда бўлган Чирчиқ шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Лобар Замитова шундай дейди: 


“Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет сайтларида Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Иш ҳужжатларига кўра, 10.08.2020 йилда фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 01.08.2020 йилда Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганлигини ва 02.08.2020 йилда унинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганлигини, шу сабабли айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан 11.08.2020 йилда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 
116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса)билан жиноят иши қўзғатилган. 

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик холати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ушбу беморни оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилишига йўл қўйган. 

Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбири давомида жами 100 млн. сўмдан ортиқ бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан, узрли сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

Шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутахассислари томонидан  жорий йилнинг 28, 29-август ҳамда 03, 04, 08-сентябрь кунлари ўрганиш учун шифохонага киришмоқчи бўлишганида, юқумли касалликлар шифохонаси ишчилари Г.Юлдашованинг телефонда берган топшириғига асосан мутахассисларни шифохона ҳудудига киритмасдан, ўрганишга тўсқинлик қилишган, бу ҳақда далолатномалар расмийлаштирилган. 

08.09.2020 йилда шифохона бош шифокори Г.Юлдашова мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)
3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.

Айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошевага тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган 
жиноят оғир жиноятлар туркумига киришлиги, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 09.09.2020 йилдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этиш керакки, жиноят иши бўйича Гулжаҳон Йўлдошеванинг конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиб, у ҳимоячи билан таъминланган, унга нисбатан олиб борилаётган барча тергов ҳаракатлари бевосита ҳимоячиси иштирокида амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан 09.09.2020 йилда Чирчиқ шаҳар халқ таълими бўлимига Гулжаҳон Йўлдошеванинг қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева аёл эканлиги, шунингдек олти нафар вояга етмаган фарзанд онаси эканлиги инобатга олиниб, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилди ва суд томонидан прокурор илтимосномаси қаноатлантирилди.

Бироқ, эҳтиёт чораси ўзгартирилгани Гулжаҳон Йўлдошевадан барча айбловлар олиб ташланди дегани эмас.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси бўйича тегишли айблов хулосаси билан жиноят иши суд муҳокамасига юборилади ҳамда мазкур жиноят иши юзасидан якуний тўҳтам суд томонидан белгиланади. Жиноятга жазо муқаррарлиги тамойили тўлиқ таъминланади”.

Биз воқеаларга янада аниқлик киритиш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Ахров билан телефон орқали боғландик.

“Ҳимоям остидаги Йўлдошеванинг уйига юборилганидан хабарим бор. Менга Чирчиқ шаҳар прокуратураси терговчиси қўнғироқ қилиб,  ҳимоям остидаги Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартириш мақсадида эканлиги,  шу сабабли етиб келишимни айтди. Ҳимоям остидаги қаерда эканларини сўраганимда, айни вақтда тергов ҳибсхонасидан келтирилаётганларини айтишди. Мен узоқда бўлганлигим сабабли ишни мендан аввал олиб борган ҳимоячи билан олиб боришларини сўрадим.  

Гулжаҳон Йўлдошева менга қўнғироқ қилдилар, уларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғи қўлланилаётганини, шу билан бирга бир неча чекловлар борлигини билдирдилар.  

Улар маълум қилишларича: 

•    ўзгалар билан мулоқотда бўлмасликлари;

•    телефон орқали сўзлашмасликлари;

•    ижтимоий тармоқларда чиқиш қилмасликлари бўйича чекловлар мавжуд. 

Мен уларга имзо чекишлари мумкинлигини тавсия қилдим. Бўлган жараён ҳақида эса яна маълумотлар оламиз. Бизнинг мақсадимиз, Йўлдошевани фарзандлари олдига қайтариш эди ва биз бунга эришдик”, дейди адвокат. 

У суҳбат сўнгида барча оммавий ахборот воситаларига, шу қаторда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевага ўз миннатдорлигини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиққан эди

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулжаҳон Йўлдошева Хушнуд Ахроров

Баҳолаганлар

159

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг