Номига номутаносиб ташкилот, ёхуд икки навқирон йигитнинг ўлимига сабаб бўлган Суперлига старти
Таҳлил 12 Март 19:20 7370
image

Кеча, 11 март куни QALAMPIR.UZ'да ҳаммамизнинг этимизни жунжиктирувчи хабар эълон қилинди. Намангандан футбол томоша қилиш учун Тошкентга келиб, қайтаётган бир гуруҳ миллионлар ўйини мухлислари автоҳалокатга учраб, улардан икки нафари оламдан ўтди. Аҳён-аҳёнда содир бўлиб турувчи бу каби ЙТҲ оқибатида, афсуски, ер юзида шу пайтгача минглаб одамлар вафот этган. Бу каби воқеаларни эшитганимизда ҳаммамиз буларни тақдирга йўямиз. Лекин кечаги воқеага таҳлил назари билан қарайдиган бўлсак, инсонни бироз ўйлантирадиган жиҳатларга дуч келамиз.

Келинг, сиз билан аввалига, кечаги ЙТҲ ҳақида эмас, аслида бунга сабаб бўлган таҳминий омилларга эътиборингизни қаратамиз.

Футбол мухлисларининг хабари бор, ва ниҳоят жорий йилнинг 8 мартидан бошлаб, Ўзбекистон Суперлигаси ўйинларига старт берилди. Мусобақа тақвимига кўра, ҳар битта иштирокчи ўз рақиби билан икки марта ўйин ўтказади. Ўша баҳсларнинг биттасини ўз майдонида, иккинчисини эса рақиб майдонида ўтказади.

1 турга кўра, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида “Қўқон 1912” жамоасини қабул қилиши керак эди. Аммо Намангандаги “Марказий” стадионининг майдон ҳолати яхши бўлмаганлиги сабабли, ПФЛ ўйинни Тошкентда ўтказишга қарор қилди.

Шу сабабли, водийдан довон оша минглаб мухлислар ўйинни бевосита стадиондан томоша қилиш учун Тошкентга келишди ва ўйин якунига етгач, яна ортга қайтишди. Шу минглаб мухлислар орасида “Nexia” русумли автомобилда беш киши бўлиб, пойтахтга келиб қайтаётган мухлислар гуруҳи “Damas” автомобили билан тўқнашиб кетиши натижасида автоҳалокатга учради. Тўқнашувдан сўнг, ҳар иккала автомобил ҳам ёниб кетган. Воқеа жойида иккала автомобил салонида бўлган одамлардан жами беш киши вафот этган. Улардан икки киши Тошкентдан қайтаётган мухлислар эди.

Энди эътибор беринг, мавсум бошланишига тўрт ярим ой вақт бўлган бўлсада, Наманганда стадион тайёр эмас. 1 турдан кейин хулоса қиладиган бўлсак, бизнингча, ҳеч бир стадион чемпионат стартига тайёр эмас экан. Ўйинлар кўрсатиб бердики, ҳамма стадионларда майдон чимининг ҳолати талаб даражасида эмас эди. Буни Тошкентдаги майдондан ҳам кўнгли тўлмаган “Навбаҳор” мураббийи Канчельскис ҳам таъкидлаб ўтди.

У чет эллик мураббий, фалон пуллик ойлигини олиб юравермайдими, жимгина. ЎФА билан ПФЛнинг ишларига аралишиб бирон фойда топармиди у? Асло, йўқ! У шунчаки ҳаммани ўзи каби профессионал бўлишини хоҳлаяпти, холос. У ҳаттоки бизнинг лигамизда бўлаётган ишлардан ҳайрон-у лол бўлмоқда. Бизнинг ПФЛ эса, майдон йил бўйи тайёр бўлмаса, йил бўйи юраверади.

Хўш, нега ПФЛ олдинроқ, ўтган мавсум тугаши билан клубларга стадион ҳолати бўйича талаб киритмади?! Нима эмиш?! Ҳамма жамоалар шунчаки этиборсизлик билан юраверибдилар. ПФЛ қарорига эътиборсиз бўлган жамоа раҳбарияти нега ташкилот томонидан жазоланмади? 

Ўзбекистон Суперлигаси ПФЛники! Бу мусобақа учун ташкилотнинг ўзи жавоб бериши керак. Клубларда содир бўлаётган муаммоларни ҳам, келиб чиқмасдан олдин бартараф этиши зарур. Бизнинг номига номутаносиб бу ташкилотимиз, ҳаттоки, чемпионат бошланишига икки ҳафта қолганда ҳам Суперлигада кимлар иштирок этиб, кимлар тарк этишини билмасди.

Бошқа давлатлардаги миллий чемпионатларда охирги ўринларни қўлга киритган жамоалар қуйи лигага равона бўлишади. Табиийки, қуйи лигадан энг йўқори ўринларни қўлга киритганлар эса, юқори лигага чиқишади. Бизда эса ҳокимингиз илтимосномага қўл қўйиб берса, маҳаллангиздаги ҳаваскор жамоани ҳам стартига бир неча кун қолган Суперлигага чиқариб беришади...

Шу ердан ортга қайтмоқчиман. Шундоқ ҳам мавзудан анча четлашиб кетдим. Айни дамда менга ПФЛ ҳам, уларнинг муаммолари ҳам қизиқ эмас. Шунчаки, футбол томошасига деб уйдан чиқиб кетган икки болаларнинг ота-онаси, фарзандларининг жонсиз танасини кўрганда қай ҳолатга тушган экан. Шу ҳақида ПФЛ ўйлаяптими?

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 3.0