Нетаньяху Ливан ва Ғазодаги урушни давом эттирмоқчи – CNN
Олам
−
02 Ноябрь
1987Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху яҳудий давлатининг ҳарбий раҳбарияти сиёсий келишувга эришмоқчи эканини тобора ойдин билдираётганига қарамай, Ливан ва Ғазо секторидаги можароларни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, охирги пайтларда Исроил ҳарбий раҳбарлари мамлакат Ливан ва Ғазода ҳарбий жиҳатдан қўлидан келган барча нарсага эришгани ва сиёсатчилар учун келишувга эришиш вақти келгани ҳақида аниқ сигналлар юбормоқда.
Хусусан, Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви яқинда Ливан-Исроил чегарасидаги можаронинг ҳарбий босқичини “тез орада якунлаш” имконияти ҳақида гапирди ва шимолий Ғазо бригадаси қўмондоннинг йўқ қилинишини ҲАМАС учун яна бир мағлубият бўлишини таъкидлади.
Телеканалнинг исмини ошкор этмаган суҳбатдошига кўра, айни дамда Исроил ҳукумати “олдинда туриб, Ливандаги урушни тугатиш истагида”.
Бироқ, CNN маълумотларига кўра, бу баёнотлар Нетаньяхунинг Ливан ва Ғазо бўйича ўзгармас позициясига таъсир қилмаган. Шу тариқа, мамлакат Кнессети (парламенти)нинг шу ҳафта таътилдан сўнг давом этган йиғилишларида Бош вазир ўзининг “тўлиқ ғалаба” ҳақидаги максималистик формуласини такрорлади ва яқин келажакда тинч йўл билан келишувга рози бўлиши даргумон эканини очиқ айтди.
Қатарда Ғазо бўйича билвосита музокаралар қайта тикланиши билан таниш бўлган исмини ошкор этмаган расмийнинг сўзларига кўра, Нетаньяху можарога барҳам бериш учун катта келишувга эришиши мумкинлиги ҳақида аниқ кафолатлар беришдан бош тортмоқда.
“Урушнинг энг муҳим мақсади – гаровдагиларнинг уйларига қайтиши амалга ошмади. Гаровдагилар уйларига қайтмагунча Ғазода уруш тугамайди”, дея тушунтирди CNN манбаси.
30 октябрь куни Ливан Бош вазири Нажиб Микати “яқин соатлар ёки кунлар ичида Ливан жанубида ўт очишни тўхтатишга эришиш мумкин бўлишига” эҳтиёткорона умид билдирди. Бу ҳақда у 31 октябрь куни Қуддусда Исроил Бош вазири ва АҚШ Президентининг катта маслаҳатчилари Амос Хокстин ва Бретт Макгурк ўртасида республика билан 60 кунлик сулҳ тузишга бағишланган музокаралар олдидан баёнот берди. Ўшанда америкалик эмиссарлар Ливан ва Исроил ўртасидаги икки томонлама келишувнинг якуний формуласини муҳокама қилиш учун Байрутга бориши кутилган эди, аммо бу амалга ошмади.
23 сентябрь куни Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши “Шимолнинг ўқлари” операциясини бошлади ва бу операция давомида ҳаракатнинг ҳарбий нишонларига катта зарбалар берди. Белгиланган мақсад яҳудий давлатининг шимолий чегара ҳудудларида ўн минглаб аҳолининг у ерга қайтиши учун хавфсиз шароит яратиш экани айтилди. Исроилнинг 27 сентябрь куни берган зарбаларидан бири оқибатида Байрутда “Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлди. 1 октябрга ўтар кечаси Исроил армияси Ливан жанубидаги чегара ҳудудларида қуруқликдаги операция ўтказилишини эълон қилди.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь