ССВ ҳамда ободошлантириш тизимида асоссиз сарфлаган пуллар аниқланди
Жамият
−
17 Август 2019
3539Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида айрим бюджет муассасалари томонидан бюджет маблағларини сарфланишида тизимли равишда бюджет қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидадаги Сирдарё вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказида бош ҳисобчи ва ғазначи томонидан пуллик хизмат ҳисобидан кирим қилинган 231,5 миллион сўм нақд пул маблағларини тўлов қайдномаларни қалбакилаштирилган йўл билан ўзлаштириб юборилган.
Тошкент туман тиббиёт бирлашмасида аванс тўловларини иш ҳақидан ушламаслик, ортиқча мукофот пулларининг ҳисобланиши ва шифокорлар томонидан бажарилмаган иш учун иш ҳақи ҳисобланиши натижасида 148,2 миллион сўм бюджет маблағи асоссиз сарфланган.
Шунингдек, Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасида 119,8 миллион сўм, Миробод туман тиббиёт бирлашмасида 87,1 миллион сўм ортиқча тўловларга йўл қўйилган. Учқўрғон туман Давлат санитария эпидемиология назорат марказида 75,6 миллион сўм, Фарғона шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорат марказида 29 миллион сўм миқдоридаги маблағлар муассаса ҳисоб-рақамига кирим қилинмаган.
Туман (шаҳар) Ободонлаштириш бошқармаларида ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилган.
Жумладан, Каттақўрғон туман Ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси томонидан 373,5 миллион сўм бюджет маблағини ўзининг ва 2 нафар қабристон назоратчиларининг пластик карточкасига асоссиз ўтказиб юборилган.
Нурафшон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида 297,3 миллион сўмлик асосий воситалар ва товар моддий бойликлар камомадига йўл қўйилган.
Нишон туманида 88,4 милион сўм бажарилмаган ишларга қўшиб ёзилган.
Урганч туман ободонлаштириш бошқармасида 51,1 миллион сўм бюджет маблағлари ходимларга ортиқча тўланган. “Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом” талабларига риоя қилинмасдан 2018 йилда харид қилинган 37,4 миллион сўмлик асосий воситалар ҳисобдан чиқариб юборилган.
Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 37,3 миллион сўм устама пуллари ортиқча тўланган.
LiveБарчаси