Грузияда нималар бўляпти? Халқ Россияга қарши намойишларга чиқди
Олам
−
22 Июнь 2019
7393Халқи жудаям фаол бўлган Грузия потахти Тбилиси шаҳрида 20 июнь куни минглаб кишилар иштирок этган намойиш бўлиб ўтди. Намойишчилар парламент биносига киришга уринди. Грузин полицияси митинг иштирокчиларига қарши кўзни ёшлантирувчи газ, сув ва резина ўқлардан фойдаланди.
Акцияларга Россия давлат Думаси депутати Сергей Гавриловнинг Грузия парламентида чиқиш қилиши сабаб бўлди. У Православия парламентлараро ассамблеясини (ППА) очиб берди. Россиялик депутат Грузия парламенти спикери курсисига ўтириб, рус тилида гапирган. Бу ҳол “Европа Грузияси” ва “Ягона миллий ҳаракат” мухолиф партияларини ғазаблантирди. Улар минбар йўлини тўсиб қўйишди. Гаврилов қўриқчилар ёрдамида меҳмонхонага етиб олди, кейинроқ эса Россия делегацияси Грузияни тарк этди.
Етакчи “Грузия орзуси” партияси раиси, миллиардер Бидзина Иванишвили, Бош вазир Мамука Бахтадзе ва парламент спикери Ираклий Кобахидзе оккупант давлат вакили қисқа вақтга бўлса-да парламент раисининг курсисини эгаллагани учун расман кечирим сўради. Кейинроқ Гаврилов спикер ўрнига грузия томоннинг таклифи билан ўтирганини маълум қилди.
Кеча, 21 июнь куни Тбилисида Грузия парламенти олдида яна митинглар уюштирилди. 8 мингга яқин намойишчи ҳукуматнинг истеъфога чиқиши, муддатидан аввал умумий сайлов ўтказиш ва аввалги намойиш вақтида қўлга олинган 300 кишининг қўйиб юборилишини талаб қилди. Улар Россияни Грузия давлатини пароканда қилишда айблади ва ППА сессиясига рус делегатларининг келишини қоралади. Баъзиларнинг кўзида аввалги намойиш вақтида жароҳатланганлар хотираси учун қора боғич боғланганди. Намойишлар вақтида жароҳатланганлардан бири шифохонада вафот этган.
“Қаранглар, бу ҳукумат бизни нималар қиляпти! Бу ерда ёзилган 20 фоиз, мамлакатимизнинг 20 фоизи Россия томонидан эгалланганлигини англатади. Бу намойишлар Россияни босқинчи давлат сифатида тан олишга қаратилган. Қўлингни торт бизнинг мамлакатдан!”, деб фикр билдирган намойишчилардан бири.
Оммавий намойишлар сабабли Грузияда парламент спикери Ираклий Кобахидзе истеъфо берди. Бу ҳақда “Грузия орзуси” партияси вакили маълум қилди ва спикер лавозимига Арчила Талаквадзе номзодини таклиф қилди.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили улар (таҳр. спикер ва ҳукумат раҳбари) Россия қўлида ўйинчоқ бўлаётганини айтиб, намойишларнинг тинчитишга қарши бўлди. Президент Россияни “душман ва босқинчи” деб атаган.
Расмий Москва бу ҳолатни Россияга қарши кучларнинг икки давлатнинг яқинлашувига қарши ташвиқоти сифатида баҳолади. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни Грузияга бормасликка чақирди. РФ Президенти Владимир Путин Россия ва Грузия ўртасида авиақатновларни тўхтатиш тўғрисида фармонни имзолади. Унга кўра, 8 июлдан икки давлат ўртасида авиаалоқалар тўхтатилади.
Воқеалар ривожини кузатамиз. Грузия халқи парламент спикерининг истеъфоси билан тинчирмикан ё Россияни оккупант давлат деб тан олинишигача қаршилик кўрсатармикан...
LiveБарчаси