ОАВ: Анқара Сурия чегарасига зирҳли техникаларини юборди
Олам
−
11 Февраль 2020
5464Туркия зирҳли транспорт воситалари билан жиҳозланган 43 та юк платформасини Сурия билан чегарадош Искендерун шаҳрига юборди. Бу ҳақда “Milliyet” нашри хабар бермоқда.
“Хатай провинциясининг Искендерун шаҳрига темир йўл орқали 43 та вагонда зирҳли транспорт воситалари ва ўқ-дорилар юборилди. Улар чегара бўлинмалари ўртасида тақсимланади”, дейилади турк нашрида.
“Бундан ташқари, чегара ҳудудига Туркиянинг зирҳли транспортлар ва ўқ-дорилар билан қуролланган махсус кучларнинг келиши давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Сўнгги кунларда Суриянинг Идлибга ҳужумларни кучайтириш фонида Анқара ва унинг баъзи шериклари расмий Дамашқ ва Москвани гуманитар бинолар ва турк ҳарбийларига зарба беришда айбламоқда.
Жорий йилнинг 7 февраль куни Туркия махсус кучларини Идлиб зонасидаги кузатув пунктларига ўтказишни бошлаган эди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Идлибдаги вазият нормаллашмаса, Анқара жим турмайди ва бунинг учун барча зарур чораларни кўради, шу жумладан ҳарбий куч ҳам ишлатади.