Коронавирус билан курашиш учун Ўзбекистон Жаҳон банкидан жуда катта молиявий ёрдам олади
Жамият
−
25 Апрель 2020
7939Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролари саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича чораларни қўллаб-қувватлаш учун $95 миллион молиялаштириш дастурини тасдиқлади. Лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, шунингдек, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.
“Жаҳон банкининг молиялаштириши халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорлар коалицияси томонидан ташкил этилган аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилишда ҳукуматга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим этилади“, дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳа доирасида Жаҳон банки кўмаги билан коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг профилактикаси ва тарқалишини назорат қилиш учун миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга $38 миллион сарфланади. Ушбу маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини, дори-дармонларни ва ҳаётий зарур тиббий асбоб-ускуналарни, шу жумладан ўпкани сунʼий нафас бериш қурилмаларини сотиб олишда, коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган шифохоналарни жиҳозлаш учун ҳам ишлатилади.
Лойиҳа бўйича $57 миллион атрофидаги маблағлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз фуқароларга бир марталик тўловларни амалга ошириш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш учун сарфланади.
“Мен шифокорларга, ҳамшираларга ва бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашнинг бошида турганларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўзларини хавф остига қўйиб, улар бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолишмоқда. Келинг, уйда қолиб, шахсий гигиена қоидаларига, ижтимоий масофаланишга ва карантин чораларига риоя қилган ҳолда, уларга касбий бурчларини бажаришда ёрдам берайлик“, дея таъкидлади Хидеки Мори.
Маълумот учун, Жаҳон банки гуруҳи (ЖБГ) ривожланаётган мамлакатлар учун энг катта молиялаштириш ва билим манбаларидан бири бўлиб, ушбу мамлакатларга пандемияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда ёрдам берадиган кенг кўламли ва тезкор тадбирларни амалга оширмоқда. Кейинги 15 ой ЖБГ аʼзо давлатларга $160 миллиард миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиб, ушбу маблағлар камбағал ва ҳимоясиз одамларни ҳимоя қилишга, бизнесни қўллаб-қувватлашга ва мамлакатлар иқтисодиётларини тиклашда кўмаклашади.
LiveБарчаси