... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Мутахассис огоҳлантиради: Болаларни қўрқитманг!


15:58, 13.06.2017 Интервью
 3 281

“Болакайдан қоғозга ўзи қўрқаётган нарсанинг суратини чизишни илтимос қилинг”.

Кўчада, уйда, умуман, ҳамма жойларда эътибор берганмисиз, биз ўзбекларда бир одат бор. Ёш бола ухламаган бўлса, “ухламасанг, доктор чақираман”, “Орқангга қайт, ана бабў келяпти”, деб қўрқитишади. Бу ўсмир боланинг психологиясига қандай таъсир қилади? Натижада бола қўрқоқ бўлиб қолмайдими? Бола тарбиясида нималарга эътибор бериш керак?
 
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўлими раҳбари, тажрибали психолог Шоира Исакова билан уюштирилган суҳбатни тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.


 
Болага нисбатан “доктор келяпти, ухла” ёки “ана, бабў келяпти”, деган мурожаатларни кўп эшитамиз, ўрни келса, ўзимиз ҳам шу усуллар билан болани тинчлантиргандай бўламиз. Бу ўсмирнинг руҳиятига қандай таъсир кўрсатади, натижада бола қўрқоқ бўлиб қолмайдими?
 
– Уч ёшдан беш ёшгача бўлган даврда бола психологиясини эҳтиёт қилиш керак, сабаби унда ўзгаришлар пайти ҳисобланади. Агар юқоридаги мурожаатлар билан қўрқитилса, боланинг ўзига бўлган ишончи ва шахс сифатида шаклланишига салбий таъсир кўрсатади.
 
Бола нимадандир ҳайиқиб туриши ҳам керак эмасми аслида?
 
– Қўрқув катта механизм ҳисобланади, болаларда қўрқув бўлиши табиий ва нормал ҳодиса. Бу ўзини ўзи ҳимоялаш усулининг пайдо бўлишидир. Бироқ вақт ўтгани сайин боланинг фобиялари ошиб борар экан, унинг қўрқуви бизни ҳам қўрқитиши мумкин. Агар бу қўрқинчли эртак эшитгандан сўнг пайдо бўлса, тушунарли. Лекин психологик қўрқув бўлмаслиги керак, бундай қўрқув болаларнинг нафақат маънан, балки жисмонан ривожланишига ҳам таъсир этиб, мустақил бирор ишни қила олмайдиган, қилган тақдирда эса кимдир доимий рағбатлантириб туриши керак бўлади.
 
Ҳеч қандай сабабсиз қўрқадиган болалар ҳам йўқ эмас, бундай қўрқув пайдо бўлишига сабаб нима, у асосан қандай ўсмирларда кузатилади ва оқибатлари?
 
– Қўрқувнинг бу тури нафақат қўрқинчли эртаклар, балки даҳшатли фильмлар ва ота-оналар эътиборсизлиги ёки ҳаддан ташқари эркалаши оқибатида туғилади. Руҳшуносларнинг кузатишича, тўлиқ бўлмаган оилалардаги болалар, ота-онаси билан яшайдиган болаларга нисбатан таъсирчан, кўнгилчан бўлишади. Шу сабаб кўпроқ бу ҳолат тўлиқ бўлмаган оилада улғаяётган болаларда кузатилади. Ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўлган қўрқув боланинг асабини таранглаштириб, ҳуркак қилиб қўяди.
 
Қўрқув кучайиб кетишининг сабаблари нимада бўлиши мумкин, улар қандай намоён бўлади?
 
– Буларга кўпинча хавфдан хабар берувчи воқеалар, нохуш вазият сабаб бўлади. Таҳдид ҳамда яширин ҳолдаги шикаст жисмоний ва психологик кўринишда намоён бўлади. Бундан ташқари, ёлғизлик қўрқувни юзага келтирувчи асосий сабаблардан биридир. Болалик ёки қариликда касалликка чалиниш эҳтимоли бўлса, у ёлғизликда кучайиб кетади.
 
Болалар ва ўсмирлар қўрқуви орасида қандай фарқлар бор?
 
– Мактабгача ёшдаги болаларда ўз жонини сақлашга қаратилган қўрқувлар кўпроқ бўлса, ўсмирлик даврида ижтимоий табиати бўйича шахслараро муносабатлардан қўрқиш, солиштирма оғирлиги ортади.
 
Болалар ёшлик пайтида иқтидорли бўлишади. Улғайгани сари уларнинг кўпчилигида бу қобилият сўниб боради. Бунга ташқи муҳитнинг таъсири қай даражада муҳим?
 
– Бизнинг иқлимимиз жуда яхши. Шундан келиб чиқиб, деярли 10 та боланинг 9 тасида истеъдод, иқтидор мавжуд. Уларнинг иқтидорига 7 ёшдан 10 ёшгача яхши эътибор бериш керак. Аммо кўпчилигимиз бунга эътибор қилмаймиз. Натижада боладаги истеъдод 10 ёшдан кейин сўниб боради.
 
– Ёш болаларда қўрқув ҳиссини йўқотиш учун нималар қилиш керак?
 
– Болакайдан қоғозга ўзи қўрқаётган нарсанинг суратини чизишни илтимос қилинг. Кейин суратни биргаликда майдалаб йиртиб ташланг ёки қўрқаётган нарсага кулгили деталлар чизиб, уни гўё “кучсизлантиринг”.
 
Ўсмир болалардаги қўрқувни қандай бартараф қилган афзал?
 
– Катта ёшдаги болалар билан қўрқув ҳақида очиқ суҳбатлашиш керак. Эҳтиёт бўлиб муҳокама қилиш даркор. Ҳеч қачон “Шундан ҳам қўрқасанми?”, деб устидан кулиб, масхара қилиш мумкин эмас.
Шоҳсанам Нишонова 

Теглар:Психолог Шоира Исакова Болалар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!