Маданият вазирлиги “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ижодкорларининг ИИВ ходимларидан узр сўраганига муносабат билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ҳажвий кўрсатуви ижодкорлари ЙҲХБ ходимлари ҳақида тайёрлаган кўрсатуви учун ички ишлар ходимларидан узр сўрагани ҳақида хабар берган эдик. 

Ижтимоий тармоқларда “Шўрданак” ва “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳларининг ИИВ ходимлари ҳақида қилинган юмористик роликлар учун кечирим сўрагани акс этган видео оммалишб кетди. Шу билан бирга Facebook ижтимоий тармоғи орқали Маданият вазирига “Сўз усталари худди ёмон иш қилиб қўйгандек, бошини ҳам қилиб узр сўраяпти. Агар кимнидир шахсиятига тегишган бўлса, ИИВ судга берсин. Улар ўз ишини қилган! Юмор қилди, кулдирди. Энди, врачлар, ўқитувчилар, тракторчилар чиқадими, “биз ҳақимизда аския қилманг!” деб. “Вазирлик комиссия тузиб ўргансин. Ахир ҳар икки саҳна асари бадиий тўқима-ку? Хулосасини ИИВга берсин! Маданият вазиридан жўяли жавоб кутамиз” каби мурожаатлар йўлланди.

Ижодкорларнинг кечирим сўраши бўйича Ўзбекистон Маданият вазирлиги ўз муносабатини билдирди. Унда Маданият вазирлиги вазият юзасидан “Шўрданак” ҳажвия гуруҳининг вакили билан суҳбатда бўлганида, бу масала юзасидан фикр билдиришни улар истамагани қайд этилган.

“Маданият вазирлиги ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламасликни маъқуллайди. Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни хал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди. Шундай экан, унда нима учун бу ҳазиллар ўринли қабул қилинмайди, деган саволлар ҳам йўқ эмас.

Агар ҳажвия бирон бир шахсга тегишли бўлиб, уни камситилишига қаратилган бўлса, Маданият вазирлиги бундай ижодларни қўллаб-қувватламайди. Зеро, ҳох хажвия, ҳох драма, аския ҳамда сатира орқали жамиятдаги иллатларни даъволашга қаратилган мавзулар ёки воқеалар намоён этилса, уни ҳеч нарса билан йўқ қилиб бўлмайди.

Тарихга бир назар солсак, ўзбек ҳажвий адабиёти сермазмун тарихга эгадир. Ҳажв, сатира-воқеликни акс эттиришнинг алоҳида ғоявий-бадиий принципи сифатида барча цивилизациялашган халқлар адабиёти, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам оғзаки ва ёзма ижодларида қадимдан катта ўрин олиб келган. Ижтимоий иллатларнинг кулгили танқиди бўлган сатира ўзбек халқ ижодида ҳам кенг тарқалган эди. Насриддин афанди, Алдар кўса каби тўқима образлар ҳажвий, миллий қаҳрамонлар ўз замонасининг иллатларини халқ орасида аскиялар ва хажвиялар билан намойиш этишган. Қадимдан халқни ичида ҳажвия, сатира, аския каби юмористик ижодлар кенг тарқалиб, оммалашган.

Хуллас, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди”, дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, “Қалпоқ” кўрсатувида спиртли ичимлик ичиб, автомобиль ҳайдаган ҳайдовчи, катта жаримадан қочиб, акасининг иш формасини кийиб кўчага чиққан "ЙҲХБ ходими"га пора бергани кўрсатилган. “Шўрданак” ҳажвий кўрсатуви ижодкорлари эса ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчидан пул ундиришга уринганини кўрсатган. Шунингдек, кўрсатувда ҳайдовчи ўт ўчириш мосламаси ва дори қутиси сотиб олмагани учун тез ёрдам ва ўт ўчириш машинаси ҳамроҳлигида юргани кулгу остига олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шўрданак Қалпоқ

Баҳолаганлар

427

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг