... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Мундиал ҳаяжони самода бошланди ёхуд Месси ва Салоҳ Россияга қандай самолётда учади


09:09, 05.06.2018 Спорт
 8 284

Жаҳон чемпионатига миллий авиакомпаниялар жиддий ҳозирлик кўришганини намойиш этмоқдалар.

Жаҳон чемпионатига ҳам саноқли кунлар қолди. Ҳамманинг кўзи тўрт. Сўнгги назорат ўйинларини ўтказиб бўлган терма жамоалар мезбон мамлакат – Россия томон парвоз қилмоқда. Тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мундиалга табиийки, миллий авиакомпаниялар ҳам жиддий ҳозирлик кўришганини намойиш этмоқдалар.
 
Демак, терма жамоалар учун махсус тайёрланган самолётлар билан танишамиз.
 
“Россия-2018”нинг очилиш маросимида мезбонларга қарши тўп сурадиган Саудия Арабистони ҳукумати футболчиларига Boeing B 777-300 ҳаво лайнерини ажратди. Самолётнинг асосий қисмида мамлакат футболчилари сурати жойлашган.
 
Йўқ нарсанинг ўзи йўқ
 
Тўрт йил олдин финалда имкониятни бой берган Лионель Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси Россияга жаҳон кубогини олиб кетиш учун келаётганлигини яширмаяпти. Шунга монанд Аргетина футбол федерацияси  Flyzar ширкатидан махсус Airbus A340 русумли ҳаво лайнерини ижарага олди. Самолётда юлдузлардан иборат жамоа учун супер шароит яратилган.
 
Аслида Airbus A340 375 нафар йўловчи ташишга мўлжалланган. Бироқ миллий жамоа учун ўриндиқлар сони 95 тага туширилди. Ўриндиқлар ўрнига юмшоқ мебеллар қўйилди. Улар футболчилар ухлагиси келганида, ётоқ вазифасини ҳам бажаради. Самолётда wi-fi хизмати йўлга қўйилган. Ҳар бир футболчи учун махсус таомнома мавжуд. Ошпазлар улар айтган таомни зудлик билан тайёрлаб берадилар. Бундан ташқари, дам олиш учун махсус хона ҳам бор.
 
Японларда иккита самолёт
 
Кунчиқар юрт миллий терма жамоаси учун иккита ҳаво лайнери хизмат қилади. Япониялик футболчилар Boeing 787-8, Boeing 777-200да халқаро парвозларни амалга оширадилар. Яъни, самурайлар Токио-Бангкок-Москва йўналиши бўйича айнан шу самолётда етиб келишади. Қайтишларида ҳам шу ҳаво лайнери узоқ йўлни яқин қилади. Бу ҳаво лайнерига курашларга шай турган самурай расми босилган. Ички, яъни Россиянинг у шаҳридан, бу шаҳрига бўладиган парвозларда японлар Boeing 777-200 дан фойдаланади. Ушбу самолёт икки тарафида миллий жамоанинг 18 футболчиси сурати акс этган. Жаҳон чемпионатидан кейин ҳар икки самолёт ҳам шундай кўриниши билан бир неча ой самода парвоз қилади. Японлар бу орқали мамлакатга сайёхлар оқими ошишига эришмоқчилар.
 
Салоҳ ва дўстлари
 
Жаҳон чемпионатида иштирок этиши сўроқ остида қолган Муҳаммад Салоҳ жамоадошлари билан Москвага боради. Миср ҳаво йўллари футболчилар учун Boeing 737-800 самолётини кўзни қамаштирадиган даражада бўяди. Унинг асосий фонида мамлакатнинг энг номдор футболчиси Муҳаммад Салоҳ акс этган.

Қолган миллий терма жамоалар ҳам самолётларини ранг-баранг қилишга уринаётганлари ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақида кейинроқ хабар қиламиз.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:ЖЧ-2018 самолётлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!