Қаҳвага хайрми?

Бу қизиқ

image

Ҳозир дунёда 40 турдаги қаҳва мавжуд. Улардан фақат 19 тасидан тижорий мақсадларда фойдаланилади. Буларнинг ичида энг машҳурлари – арабика ва робустадир. Бундан ташқари, қаҳва плантацияларнинг катта қисми Осиё ва Африка ўрмонларида жойлашган бўлиб, юқорида номи келтирилган қаҳва турлари айнан шу ерларда етиштирилади. Мутахассисларнинг маълум қилишича, иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан айнан шу ҳудудлар зарар кўрмоқда. Ушбу қитъаларда ҳаво ҳарорати кўтарилиб, ёғингарчилик миқдори, аксинча, пасаймоқда.

Австралиянинг Жанубий Квинсленд университети олимларининг фикрига кўра, иқлим ўзгариши қаҳванинг робуста навига, айниқса, кўпроқ таъсир қилади. Илгари иссиқлик ўсимликка фақат фойда келтиради, деб ишонилган. Энди олимлар юқори ҳарорат ҳосилни камайтиришини аниқлашди. Ҳароратнинг бир даражага кўтарилиши билан ҳосил 14 фоизга тушади, дея хабар беради Global Change Biology.

2017 йилда олимлар, шунингдек, арабика экинлари ўсадиган Лотин Америкасидаги плантациялар глобал исиш туфайли ҳам зарар кўришини таъкидлашган эди. Бу ҳудудларнинг қуриши ва ҳароратнинг ошиши, муҳим чанглатгичларнинг йўқ бўлиб кетиши билан боғлиқ.

"Қаҳва бугунги кунда дунёдаги энг қимматбаҳо товарлардан бири бўлиб, унга махсус иқлим ва асаларилар керак, улар қаҳва дарахти гулларини чанглатиши мумкин. Илк бор биз иқлим ўзгариши уларнинг иккаласига ҳам, бошқаларга ҳам қандай таъсир қилишини ўрганиб чиқдик ва қаҳва ишлаб чиқарувчилар учун оғир дамлар яқинлашаётганини тушундик", дейди Қўшма Штатлардаги Вермонт университетидан Тэйлор Рикеттс. 

Олимларнинг фикрига кўра, бугунги иқлим ўзгариши билан 2050 йилга келиб қаҳванинг йўқолиб кетиш хавфи ошади.

"Иқлим ўзгариши қисқа муддатда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу энди келажак масаласи эмас, балки бизнинг ҳозирги кунимиздир", деди Lavazza қаҳва компанияси вакили Марио Черутти.


Мақола муаллифи

Теглар

қаҳва

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг