Архивларда сақланаётган тарихий давр ҳужжатлари махфийликдан чиқарилади
Жамият
−
21 Сентябрь 2019
5332Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилди.
2020 йил 1 январдан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилишида ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилиши белгиланди.
Агентлик:
а) 2020 йил 1 июнгача Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чораларни кўради;
б) 2020 йил 1 июнгача Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда қуйидаги давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилишини жорий қилади:
• ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
• иш стажини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
• иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини бериш;
• араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш;
• архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш);
в) уч ой муддатда:
доимий сақловга олинадиган ҳужжатлар таркибини оптимизация қилиш;
• Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш;
• архив иши жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи ва интерактив қидирув имкониятлари мавжуд бўлган “Архив иши” ягона ахборот тизими яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
г) 2021 йил 1 январгача давлат архивларида сақланаётган фондларни хатловдан ўтказиб, улар ҳақида тегишли маълумотларни қамраб олган маълумотлар базасини яратади.