Магистратурага топширилган ҳужжатларни қайта таҳрирлашнинг сўнгги муддати белгиланди

Жамият

image

Магистратурага ҳужжат топширган абитуриентларга мақсадли қабулда иштирок этиш учун ҳужжатларини қайта таҳрирлашга 2020 йилнинг 21 августига қадар (21 август куни ҳам) рухсат берилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус туълим вазирлиги хабар берди.

2020/2021 ўқув йилида магистратурага ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун мақсадли қабулга танловда иштирок этиш мақсадида ҳужжатларни қайта таҳрирлаш тартиби қуйидагича:

1. Мақсадли қабул бўйича танловда иштирок этиш учун ҳужжатларини қайта таҳрирлаш фақатгина магистратурага ўқишга кириш учун www.magistr.edu.uz веб-платформаси орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун амалга оширилади. 

2. Рўйхатдан ўтган абитуриентга ўзи танлаган олий таълим муассасаси ва мутахассисликни ўзгартирган ҳолда, мақсадли қабул белгиланган мутахассислик бўйича танловда иштирок этиш учун ҳужжатларини қайта таҳрирлаш ҳуқуқи берилади. 

Бунда абитуриент қуйидаги шартларни инобатга олган ҳолда мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилган олий таълим муассасасига ёзма ариза билан мурожаат қилади:

•    абитуриент тегишли мутахассислик негизидаги мос бакалавриат таълим йўналишини тугатган бўлиши шарт;

•    абитуриент кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафига қабул қилингач, ўқишни тамомлагандан сўнг мазкур олий таълим муассасасида камида 5 йил ишлаш шарти белгиланган уч томонлама шартномани имзолашга рози бўлиши керак.

Масалан, Термиз давлат университетининг тегишли магистратура мутахассислиги бўйича Денов тадбиркорлик ва педагогика институти учун алоҳида мақсадли қабул кўрсаткичи тасдиқланган бўлса, абитуриент Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига ариза билан мурожаат қилади.

3. Шундан сўнг, мақсадли қабул кўрсаткичлари ажратилган олий таълим муассасалари абитуриентларнинг аризаларини умумлаштирган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилади.

4. Абитуриентлар аризалари ва олий таълим муассасалари мурожаатлари асосида вазирлик техник ишчи гуруҳи томонидан magistr.edu.uz платформасидаги абитуриентларнинг ҳужжатлари таҳрирланади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ магистратура

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг