Прокуратура, ички ишлар органлари ва ДХХда янги лавозим жорий этилади
Жамият
−
14 Апрель 2020
20402Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Президенти фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Миллий гвардиясининг тергов органларида суриштирувчи ва терговчи лавозимига кадрлар захирасини яратиш, ёш мутахассисларда тергов ҳаракатларини ўтказиш кўникмаларини шакллантириш, ушбу соҳада “устоз-шогирд” анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик билдириш кўзда тутилган:
• прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида белгиланган штатлар жадвали доирасида “терговчи-ёрдамчи” лавозимини жорий этиш ва ушбу лавозимга таълим муассасини тугатгач мазкур органларга илк бор хизматга қабул қилинган ходимлар тайинланиши ҳамда мазкур лавозимда бир йил давомида хизмат олиб бориши;
• прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларига мустақил терговчи сифатида тайинланишида ходимнинг “терговчи-ёрдамчи” лавозимида фаолият юритгани биринчи навбатда инобатга олинади;
• биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсни уч йил давомида бошқа соҳавий йўналишларга, шу жумладан юқори тергов органларига терговчи лавозимларига хизматга ўтказишга йўл қўйилмайди;
• биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсларга ушбу лавозимларда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, тегишинча прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида хизмат қилаётган шахслар орасидан мураббий бириктириш.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ҳар уч йилда суриштирувчи ва терговчиларнинг профессионал малакаси ва тажрибасини оширишга ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек терговчиларнинг халқаро миқёсдаги рейтингини кўтаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси профессионал суриштирувчи ва терговчилар симпозиумини ўтказади.
Шунингдек, прокуратура, ДХХ ва ИИВ Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда мураккаб, кўп эпизодли ва ўта оғир жиноятларнинг фош этилиши жараёни ҳамда тергови хусусида асарлар, кино ва саҳна асарлари яратиш чораларини кўради.
Бундан ташқари, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг суриштирувчи ва терговчилари ўртасида идоралараро “Йилнинг энг яхши суриштирувчиси” ҳамда “Йилнинг энг яхши терговчиси” танловлари жорий этилади.
LiveБарчаси