Мирзиёев Сардобадаги сув тошқини жабрланувчилари билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни сирдарёлик фаоллар, сув тошқинидан жабрланган одамлар билан учрашди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида вилоят аҳли билан шундай ободликда, ёруғ юз билан кўришиб турганидан хурсандлигини билдирди.

"Охирги беш ойда ҳаммамиз синовдан ўтдик. Ҳамжиҳат бўлиб, матонат, меҳнат билан шароитни тикладик, янги уйлар, йўллар қурилди. Бугун бу ишларни кўриб, албатта хурсанд бўлдим. Лекин менга энг катта куч, қувонч берган нарса одамларнинг кайфияти бўлди", деди Шавкат Мирзиёев.

Сардоба сув омбори тўғони уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказган эди. Ҳукумат комиссияси тузилиб, унинг оқибатларини бартараф этишга барча куч ва воситалар жалб қилинди. Сув босган маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиниб, бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиб, турмуш шароитлари қисқа муддатда тикланди.

Учта янги мавзе барпо этилди. Боғча ва мактаблар, коллежлар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Сув босган ҳудудлар бугун аввалгиданда яхшиланиб, янги қиёфага эга бўлди.

"Халқимиз розилигини биринчи кундан асосий мақсадимиз, шиоримиз этиб танлаганмиз. Қийин, лекин шунинг учун ишлаяпмиз. Сирдарёдаги қурилишлар, ўзгаришлар шу билан чекланиб қолмайди, яна давом этади. Бунинг учун катта марралар белгилаганмиз", деди  Президент.

Шу билан давлат раҳбарининг Сирдарё вилоятига сафари якунланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг