Карантин сабаб “янги меҳмон” уйга ўзгача тарзда кузатилди
Жамият
−
16 Апрель 2020
9575Кеча, 15 апрель куни Навоий вилоятида янги туғилган чақалоқ туғруқхонадан ноодатий тарзда уйига кузатилиб қўйилди. Бу ҳақда Навоий вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, янги меҳмоннинг дадаси шаҳарда автотранспорт ҳаракати чекланганлиги сабаб аёли ва янги туғилган фарзандини туғруқхонадан олиб чиқишда муаммога дуч келган. Шундан сўнг чақалоқ ИИБ хизмат машинасида уйга етказилган.
"Жорий йилнинг 15 апрель куни Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Рустам Тўлаев “Севимли” канали Навоий вилояти мухбирига телефон орқали мурожаат этиб, яқин кунда фарзандли бўлганлигини, айни пайтда турмуш ўртоғи ҳамда чақалоқ вилоят туғруқхонасидан чиқишига рухсат этилгани, бироқ карантин муддатида шаҳар кўчаларида автотранспорт воситалари чекланганлиги муносабати билан йўл узоқлиги сабабли фарзанди ҳамда турмуш ўртоғини яшаш хонадонига олиб кела олмаётганлигини маълум қилган.
Рустам Тўлаевнинг муаммосига вилоят ИИО ходимлари ижобий ечим топиб, оғирини енгил қилди. ППХ баталёни 1-отряд командири, майор Маҳмуд Шодиев ҳамда ППХ баталёни ходими, катта сержант Жавоҳир Яҳёевларнинг кўмаги туфайли “янги меҳмон” ноодатий тартибда яшаш хонадонига соғ-саломат олиб борилди", дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ушбу хизматдан чақалоқнинг ота-онаси, Рустам Тўлаев ҳамда Дилдора Арабоевалар мамнун. Майор Маҳмуд Шодиев ҳамда катта сержант Жавоҳир Яҳёевларнинг карантин муддатидаги ушбу ноодатий хизмати эътирофга лойиқлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида жорий йилнинг 30 март кунидан бошлаб махсус рухсатномасиз автомобиль бошқариш тақиқланган.
LiveБарчаси