Пандемияга қарамай, москваликлар байрам қиляпти. Унда Путин ҳам қатнашди

Олам

image

Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳар йили сентябрнинг биринчи шанбасида "Шаҳар куни" кенг нишонланади. Жорий йилда ҳам, бутун дунёда коронавирус пандемиясига боғлиқ вазият "қалтис"лигича қолаётган бўлишига қарамай, анъана давом этди. "Шаҳар куни" бугун, 5 сентябрь куни нишонланмоқда. Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари шаҳарнинг 873 йиллигини кенг нишонламоқда.

"Зарядье" концерт залида катта тадбир ўтказилди. Тадбирга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам келиб, москваликларни “Шаҳар куни” билан табриклади. Бу ҳақда РИА Новости маълум қилди.

"Биз, Россия фуқаролари пойтахтимизни қадрлаймиз ва севамиз. Сизларни байрам билан табриклайман. Сизларга соғлиқ ва энг яхши тилакларимни тилайман. Москва куни муборак бўлсин", деган Президент.

Путин коронавирус пандемияси пайтидаги пойтахт аҳолисининг бирдамлигига алоҳида эътибор қаратди.

Президент, шунингдек, Москва ҳукуматининг коронавирус билан кураш борасидаги тажрибасини эътироф этган. Путиннинг қайд этишича, бу шароитда кўп миллионлик аҳолига эга катта мегаполисда ишлаш осон эмас.

Давлат раҳбари Москва одатий ҳаёт тарзига "ишонч билан қайтаётганини" таъкидлади. 

Маълумот учун, охирги суткада Россияда коронавирус билан касалланганлар сони 5 205 нафарга ортиб, ушбу хасталикка чалинганларнинг умумий сони 1 020 310 кишига етди. Хусусан, Москвада 671 та янги ҳолат қайд этилган.

Рушанабону Султонова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия

Баҳолаганлар

207

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг