Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 8 нафарга етди
Жамият
−
16 Март 2020
29909Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар 8 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Шу йилнинг 15 март куни Вирусология илмий текшириш институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида, шунингдек, унинг ўғли ва қизи, турмуш ўртоғи ва набирасида коронавирус инфекцияси аниқланганини хабар қилган эдик.
Олиб борилган таҳлил натижаларига кўра, ушбу бемор билан мулоқотда бўлган қариндошида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 14 март куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясига қарашли Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 март куни соат 05:15 да “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиа компаниясига қарашли Истанбул–Тошкент йўналишидаги 274-рейс билан келган Ўзбекистон фуқаросида ҳам ушбу инфекция қайд этилган эди.
Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати олиниб, уларнинг саломатлиги устидан ҳам тиббий назорат ўрнатилди.
Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.