Мирзиёев Кегейлида 6 та янги корхонани ишга туширди (фото+видео)

Жамият

image

Бугун, 30 март куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Кегейли туманида Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбир аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлиб ўтган. Ушбу янги корхоналар вакиллари видеоалоқа орқали мажмуалар салоҳияти ҳақида ахборот берган. Бу корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилган, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширган.

Маълум қилинишича, сўнгги олти йилда ҳудудда 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилган. Илгари саноати энг паст бўлган 6 та туманда ишлаб чиқариш 2-3 баравар ошиб, Қорақалпоғистондаги улуши 12 фоизга етган.

Умуман, бу даврда Қорақалпоғистонда саноат 1,3 баравар ўсиб, 61 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айниқса, кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, текстиль ва тўқимачилик, фармацевтика саноати маҳсулотлари тайёрлаш 2 баравардан зиёд ўсган.

Ўтган йил 31 августда давлат раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва катта дастур қабул қилинган эди. Булар билан 2023 йилнинг ўзида 670 миллиард сўм ва 340 миллион доллар маблағлар ажратилди.

Таъкидланишича, тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилиб, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланган. Бу орқали Қорақалпоғистоннинг барча тадбиркорлари ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолаяпти.

Фақат ушбу ҳудуд тадбиркорларига тижорат кредитларининг 75 фоизига Тадбиркорлик жамғармаси кафиллиги берилиши белгиланган.

“Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўринаяпти ва бу ишлар тўхтамайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев корхоналар Кегейли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made