Мирзиёев Германия Президенти билан икки томонлама музокара ўтказди

Жамият

image

Бугун, 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.  Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало инновация ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика, транспорт ва логистика, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Шунингдек, жорий йил май ойида Германияга амалий ташриф давомида ўтказилган сермаҳсул музокараларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.

Президентлар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган, жумладан, “Марказий Осиё - Германия” форматида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этган. 

Тадбирда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашган.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилган.

Шавкат Мирзиёев ўз сўзида “Марказий Осиё - Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталган. 

Германиянинг етакчи компания ва банклари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтираётгани қайд этилган. Мамлакат ёшларида немис тилига қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланган. Билдирилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда немис тилини қарийб 300 минг нафар мактаб ўқувчиси ва талабалар ўрганмоқда.

Суҳбатда Германия Федерал Президенти Ўзбекистон етакчисини Берлин шаҳридаги дунёга машҳур Жеймс Симон галереясида ноёб маданий-тарихий кўргазма муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган. Қайд этилишича, бир неча ой ичида кўргазмага 200 минг нафар берлинликлар ва Германия пойтахти меҳмонлари ташриф буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Франк-Вальтер Штайнмайер Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг