“Миллий” стадиони ходимлари ойлик ололмаётганидан иш ташлаш эълон қилди

Жамият

Тошкент шаҳрида жойлашган “Миллий” стадиони ишчи-ходимлари салкам уч ойдан бери ойлик-маошларини олишмаяпти. Бугун, 19 март куни ойлик-маошини ололмаётганидан норози бир гуруҳ ходимлар иш ташлади. Улар стадион атрофига тўпланиб, иш ташлашни эълон қилиб, раҳбариятни огоҳлантирди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

“Мен “Миллий” стадионида 7 йилдан буён хизмат қиламан. Лекин охирги пайтларда ойлик-маошимизни ўз вақтида тўлашмаяпти. Бу ҳолат 2018 йилнинг январь ойидан буён содир бўлмоқда. Ҳар гал икки-уч ойлаб ойлик-маошимизни ўз вақтида ололмаймиз. Ҳозир ҳам барча ишчи-ходимлар мана шу муаммо туфайли йиғилганмиз. Биз иш ташлаш эълон қилдик ва бу ерда бошқа ишламоқчи эмасмиз. Январь ва февраль ойлари учун маошларимизни бизга тўлаб берилса, биз ҳеч қандай муаммо кўтармоқчи эмасмиз”, дейди биз билан суҳбатда бўлган ходимлардан бири. У суҳбат давомида исм-шарифини ошкор этмаслигимизни, бу ҳол ишида муаммо келтириб чиқаришини айтди. 

Аслида муаммо анча олдин бошланган. 2018 йилнинг бошигача “Бунёдкор” номи билан фаолият олиб борган стадион ЎФА тасарруфига ўтказилгач, “Миллий” дея қайта номланган эди. 

Бундан олдин ходимларнинг ойлик-маошлари ўз вақтида берилмас, сатадион ва унинг атрофидаги майдонларнинг ҳолати ҳам ачинарли ҳолга келиб қолганди. Ҳаттоки, 2018 йилнинг бошида бир муддат қарздорликлар туфайли стадион электр энергиясидан узиб қўйилди. Шу сабабдан ЎФАнинг масъулиятни ўз зиммасига олиши бирмунча хотиржамликни келтириб чиқарди. Бу орада стадион қайта номланди. Лекин қайта номланиш билан стадион муаммолари бартараф бўлиб қолмади.

Бугун QALAMPIR.UZ’га мурожаат билан чиққан “Миллий” стадиони дирекцияси ходимларининг айтишича, йил бошида маошлар тўлови сабаб 100 дан ортиқ ишчилар ўз меҳнат лавозимларидан озод этилган. Ҳозирда эса дирекцияда тахминан 150 дан ортиқ ходимлар меҳнат қилмоқда, лекин улар 2019 йил ҳисобидан бирор сўм ойлик-маош олишмаган. Раҳбарият бунинг ўрнини қоплаш учун ходимларга ҳеч нарса таклиф этмаган. Бир сўз билан айтганда, чигал вазиятни бироз бўлсада енгиллаштиришга уринишлар кузатилмаган.

2018 йил давомида дирекция ходимлари йиллик маошини учга бўлган ҳолда олишган. Ўтган йилдан буён ходимларга меҳнат таътили учун қўшимча ҳақ тўланмаганлиги айтилмоқда. Байрамларда ҳам хизматчилар учун мукофот пуллари берилмаяпти. Шу сабабдан дирекциянинг барча ишчи-ходимлари иш ташлаш эълон қилиб, раҳбариятга мурожаат қилишган.

“Миллий” стадион дирекцияси раҳбари Козим Ўринбойхўжаев иш ташловчиларга мурожаат қилиб, муаммо тез орада бартараф этилишини айтган. Бироқ натижа бўлавермаган.  

Аниқлашимизча, “Миллий” стадиони ходимларининг маошини қоплаш ҳомийлик эвазига “Ўзбекнефтгаз” АЖга юклатилган. Бироқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўтган йилнинг ўзидаёқ, стадион фаолиятидан расман норозилик билдириб чиқиб, стадион фақат зарарга ишлаётгани, қарздорлик юқори экани, футбол ўйинлари, концерт ва бошқа тадбирларда пул топилмаётгани ва “Миллий”ни текинхўрларча “боқиш” “Ўзбекнефтгаз” АЖга малол келаётгани айтилган эди. 

Воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг